БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши делегациясининг учрашувлари

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Сайян бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида учрашув бўлиб ўтди.
 
Мулоқот чоғида БМТ ва мазкур нуфузли ташкилот тузилмалари билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда демократик мезонлар асосида мустаҳкам сиёсий тизим яратилган. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон манфаатларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий механизми мавжуд. «Хабеас корпус» институтининг жорий этилаётгани мамлакатимизда халқаро тажриба ва тамойилларни амалиётга изчил татбиқ этишдаги интилишни акс эттиради.
Тадбир сўнгида томонлар 2021-2023 йилларда Ўзбекистон номзодини БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига кўрсатиш бўйича мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий судида ташкил этилган учрашувда меҳмонларга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Конституциявий суди фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолари куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашди.
Мулоқот чоғида суд тизими, унинг мустақил ва холис фаолият юритишини ташкил этиш, одил судловни таъминлаш ва субъектларни ҳимоя қилиш, шунингдек, ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини, улар қонуний манфаатларини таъминлаш борасида дадил қадамлар ташлангани алоҳида таъкидланди. Одил судлов тизимини яратишга қаратилган ислоҳотларга юқори баҳо берилди.
– Ўзбекистонда суд тизими мустақиллигини таъминлаш йўлида қўйилган ижобий қадамларни алоҳида эътироф этиш жоиз, – дейди Диего Гарсия-Сайян. – Судьяларни танлаб олиш, судларнинг ихтисослашуви, суд ишлари тақсимоти каби жараёнлар акс этган миллий тизим халқаро тажриба асосида ишлаб чиқилгани қувонарли.
Мамлакатимизда фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича хорижий арбитраж қарорлари, ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатларни тан олиш ҳамда ижро этишга доир БМТ конвенциялари, 30 га яқин халқаро шартномалар ратификация қилинган.
Учрашувда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар одил судловнинг демократик тамойилларини амалга ошириш учун зарур шароит яратишга қаратилгани қайд этилди.
БМТ делегацияси шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов ва Судьялар олий кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев иштирокида ташкил этилган учрашувда ҳам қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистонда суд органлари мустақиллигини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар, қонун ижодкорлиги, Судьялар олий кенгаши фаолияти, судьяларни танлаш, тайинлаш ва тайёрлашдаги суд интизоми каби масалалар муҳокама қилинди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши делегациясининг ташрифи давом этмоқда.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА