Тортишувлардан сўнг депутатлар қонун лойиҳасини қайтарди

2019 йил 19 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
 
Хусусан, парламент аъзолари “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, бугунги рақамли технологияларнинг ривожланиши тўлов хизматлари бозорини ҳам тараққий эттиришни тақозо қилмоқда. Бироқ ҳозирда юртимизда тўлов агрегаторлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар кўлами чекланган бўлиб, улар асосан мобиль алоқа, интернет, коммунал ва бошқа айрим хизматлар учун тўловларни амалга ошириб келяпти. Боиси тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторларининг фаолияти на банк қонунчилиги, на бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Тўловлар ва тўлов тизимларини тартибга солиш, назорат қилиш борасида аниқ бир давлат органининг ваколат ва мажбуриятлари қонунчиликда аниқ белгилаб берилмагани ҳам мазкур соҳада хатарларни вужудга келтирмоқда.
Депутатлар муҳокама қилган мазкур қонун лойиҳаси бу борадаги хавф-хатарларнинг олдини олиш билан бирга, қатор долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Лойиҳа, аввало, ушбу ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг кўламини кенгайтиради, тўлов ташкилотларига микромолия хизматларини кўрсатиш, электрон пуллар билан операциялар амалга ошириш каби хизматларни тақдим этиш ваколатини беради. Бу ўзгаришлар электрон хизматлар оммабоплигини оширади, тўловчилар учун қулайликлар яратади.
Амалиётда янгилик бўлган ана шу муҳим жиҳатлар халқимизга катта фойда келтиришини инобатга олиб, ушбу қонун лойиҳаси жорий йилнинг 3 июль куни Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди. Ўтган вақт мобайнида масъул қўмита ҳамда ишчи гуруҳ томонидан бир неча бор муҳокамалар ўтказилди, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида лойиҳанинг қоида ва нормалари такомиллаштирилди. Норма ижодкорлиги талабларидан келиб чиқиб, лойиҳадан ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилди.
Мажлисда сўзга чиққан депутатлар ҳам, тижорат банклари мутасаддилари ҳамда тўлов тизими операторлари ҳам бугунги кунда мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эгалиги, унга жуда катта эҳтиёж мавжудлигини таъкидладилар. Уларнинг фикрича, лойиҳанинг қабул қилиниши республика миллий тўлов тизимларининг узлуксизлигини таъминлашга ва барқарорлигини оширишга, банклар ва тўлов ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳити яратилишига, тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотлари хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалашга хизмат қилади.
Мажлисда тизимлаштирилган қонунчилик базасини шакллантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан биринчи ўқишда атрофлича муҳокама қилинди.
Депутатларнинг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши коллизион нормалар, икки хил шарҳлаш, коррупция кўринишлари ва давлат томонидан ортиқча тартибга солиш ҳолатларига олиб келувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш амалиётини бартараф этишда ҳуқуқий асос бўлади. Шунингдек, ҳуқуқий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган даврда норма ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли барча ўзгартиришларни, шу жумладан, қонунларнинг тўғридан-тўғри амал қилиш механизмини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш таъминланади. Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш асоси ва тартибга солиш предметини аниқ белгилаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини келишишнинг умумий қоидалари ўрнатилади.
Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокамаси қизғин кечган масала – Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши кураш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси хулосасига кўра рад этилди.
Мажлисда, шунингдек, парламент қуйи палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

 

ЎзА