Ҳоким 79 килограмм пахта териб барчага ўрнак бўлди

Элликқалъа тумани ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Сейдамат Авезов 79 килограмм пахта териб, мўл хирмонга ўз улушини қўшди.
Бу йил туман бўйича 10 минг 740 гектар майдонга чигит экилиб, ғўза белгиланган агротехник тадбирлар асосида парвариш қилинди. Жорий мавсум 27 минг 470 тонна пахта хом ашёси етиштириш учун 223 та фермер хўжалиги “Бўстoн” кластери билан контрактация шартномаси тузди.
Фермерларнинг эрта баҳордан бошлаб қилган фидокорона меҳнатлари, пешона тери эвазига етиштирилган пахта ҳосилини уюшқоқлик билан йиғиб-териб олиш мақсадида туман ҳокимининг бутун туман аҳлига мурожаати қабул қилинди.
Мурожаатда қайд қилинганидек, далаларда давлат буюртмаси асосида тузилган контрактация шартномаларини тўлиқ қоплайдиган, маҳаллий ғазнамиз учун мўмай даромад келтирадиган мўл ҳосил бор. Ҳаммамизнинг бош вазифамиз, ана шу ризқ-рўзимиз ҳамда фаровонлигимиз манбаи, қимматбаҳо саноат хом ашёсини ёғинли-сочинли, салқин кунларга қолдирмасдан териб олиб, минтақамизда биринчилар қаторида тузилган пахта кластерига топшириш, белгиланган режани муддатидан олдин бажаришдан иборат. Буни ҳар бир элликқалъалик фидоий фарзанд юрак амри билан англайди ва умумхалқ ҳаракатига қўшилади. Туман фермерлари томонидан далаларда пахта терими билан банд фуқаролар, уюшмаган аҳоли ҳамда вақтинчалик ишсиз ёшлар, ўз истаги билан ҳашарга чиққан фидоийларнинг маромида ишлаши ҳамда дам олиши, овқатланиши, қатнаши, терилган хом ашё учун тегишли ҳақнинг ўз вақтида берилишини таъминланмоқда.
Мурожаатни биринчилардан бўлиб кекса нуронийлар, отахону-онахонлар қўллаб-қувватлади. Уларнинг ташаббуси билан шу куни тумандаги “Дийдор пахтакори” фермер хўжалигига 160 нафар киши ёрдамга келди.
Фермер даласида ҳашарчи-теримчилар ўртасида мусобақа ташкил этилди. Унда 190 килограмм пахта терган Роҳила Тожибоева ғолиб бўлди. Илғор теримчиларга туман ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА