Сенат раиси БМТ Бош котибининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус вакили билан учрашди

Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг БМТ Бош котиби ўринбосари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус вакили Жан Тодт билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда йўл ҳаракати хавфсизлиги масалалари, шунингдек, соҳада ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, Ўзбекистоннинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича БМТ асосий конвенцияларига қўшилиши ва уларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама этилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2018 йилдаги Глобал ҳисоботида таъкидланганидек, Ўзбекистон йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ишлар ҳолати бўйича Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллайди.
Томонлар қайд этганидек, Ўзбекистон БМТнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тўртта конвенцияси иштирокчиси ҳисобланади. Ушбу конвенциялар мамлакатнинг ишончли норматив-ҳуқуқий базасини ва йўл ҳаракати хавфсизлигининг комплекс миллий тизимларини яратишда ўз самарадорлигини исботлади.
Жан Тодт Ўзбекистон ҳукуматининг йўл ҳаракати хавфсизлиги кўрсаткичларини яхшилаш борасидаги чора-тадбирларига юқори баҳо бериб, Ўзбекистонни БМТнинг бу соҳадаги яна бир қатор асосий конвенцияларига қўшилиши юзасидан таклифларини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, баъзи мамлакатларда кўп ҳолларда йўл-транспорт ҳодисаларига жиддий эътибор қаратилмайди. Ваҳоланки, айнан йўл-транспорт ҳодисаси сабаб ҳаётдан кўз юмаётган ёшлар кўрсаткичи юқорилигича қолмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тарғибот ишларини таълимнинг қуйи бўғинидан бошлаш зарур.
Учрашув якунида томонлар бу соҳадаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА