Кегайли тумани ҳокими қарори билан «Жузимбоғ» овул фуқаролар йиғини ҳудудида маҳаллий хомашё камиш, буғдой, шоли сомони, пахта ғўзапоясидан целлюлоза ва қоғоз массаси ишлаб чиқаришга ихтисослашган хорижий сармоя иштирокидаги «KEGEYLI QOGUZ» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

Корхонанинг умумий қиймати 5 миллион 150 минг АҚШ доллари бўлиб, Нукус шаҳридаги «Давр қурилиш» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бугунги кунга 1 миллиард 200 миллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилди.  Корхонага зарур асбоб-анжомларни олиб келиш учун «Миллий банк»нинг Нукус филиали томонидан 1 миллион АҚШ доллари кредит сифатида ажратилиши кутилмоқда.

–Йилига 18250 тонна целлюлоза ишлаб чиқариш қувватига эга корхонани келгуси йилнинг иккинчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган,-дейди масъулияти чекланган жамияти раиси ўринбосари Шуҳратилла Хикматов. –Биринчи босқичда 100 та янги иш ўрни яратилади. Корхонага фермер хўжаликларидан, оилавий пудратчилардан ва аҳолидан йилига 40 минг тонна хомашё сотиб олинади. Иккинчи босқич ишга тушгач яна 50 та янги иш ўрни яратилиб, қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қуйилади.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг