Бухоро муҳандислик-технология институти қошидаги академик лицейда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишлаб маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси вилоят кенгашлари ва БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг маҳаллий масалаларни ҳал этишда ёшлар иштироки лойиҳасининг Бухоро вилоятидаги координатори ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ёшлар, жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, унинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида сўз юритилар экан, 26 йилдан буён БМТ бош биноси пештоқида Ватанимиз жаҳонда тенглар ичра тенг эканининг ўзига хос ифодаси сифатида мағрур ҳилпираб тургани, расмий маросимлар, юртимиз спортчиларининг халқаро мусобақаларда эришган ғалабалари шарафига давлатимиз мадҳиясига ҳамоҳанг баланд кўтарилиши қалбимизга ғурур-ифтихор бағишлаши таъкидланди.

БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг маҳаллий масалаларни ҳал этишда ёшлар иштироки лойиҳасининг Бухоро вилоятидаги координатори томонидан Давлат байроғи қабул қилинган сана муносабати билан академик лицей ўқувчилари ўртасида расмлар ва иншолар танлови ўтказилган эди. Тадбирда ушбу танлов совриндорларига эсдалик совғалари топширилди.

– Академик лицейимизда ўтказиладиган турли маданий-маърифий тадбирларда Давлат байроғи мазмун-моҳияти, ундаги ранглар ва юлдузлар халқимизнинг бой миллий қадриятлари мужассами бўлиб, чуқур фалсафий маънога эга экани кенг тарғиб этилади, – дейди танловнинг расмлар йўналиши ғолибаси Сабина Ғайбуллаева. – Бу биз, ёшларни жаннатмонанд юртда яшаётганимиздан фахрланиш, шу Ватанга муносиб фарзанд бўлиш туйғуси билан яшашга ундайди.

 

Эркин Ёдгоров, ЎзА