Иссиқда гўшт сифати қандай кафолатланади?

Ёзнинг иссиқ кунларида тановул қилаётган ҳар бир таомингиздан шубҳаланишга асос бор. Чунки, бундай кунларда маҳсулотларнинг бузилиб, истеъмолга яроқсиз бўлиб қолиши жуда осон. Ана шундай вақтда нисбатан қиммат маҳсулот- гўшт ва гўшт маҳсулотлари қай тарзда аҳолига етказиб берилмоқда. Сўйилаётган чорва моллари гўштининг сифати ва хавфсизлиги инсон саломатлиги учун муҳимлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу тизимига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитасидан маълум қилишларича, пойтахтимиздаги деҳқон бозорлари учун сотувга чиқарилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда шаҳар атрофида жойлашган тўртта замонавий автоматлаштирилган ва ихтисослашган сўйиш корхоналарининг алоҳида ўрни бор. Чорва ҳайвонларини шу корхоналарда сўйиш тизими жорий этилган.
Ҳозирга келиб, пойтахт ҳудудидаги ветеринария, ветеринария-санитария талабларига жавоб бермайдиган, лекин ҳайвон сўйиш учун ўзбошимчалик билан мослаштириб олинган сўйиш жойлари фаолияти тўхтатилган. Улар устидан ИИВ Карантин тадбирларини ташкил этиш бўлими ва Давлат ветеринария хизмати ходимлари доимий назорат ўрнатган. Шунга қарамай, ҳайвонларни сўйиш ва сотиш билан шуғулланувчиларда ветеринария-санитария қоида ва меъёрларига амал қилмаслик ҳолатлари учраб турибди. Натижада эса хавфсизлиги ва сифати кафолатланмаган гўшт ва гўшт маҳсулотларининг ноқонуний савдоси ҳам кузатилмоқда.
Айни шу жиҳатларни бартараф этиш учун сотиш ва сақлаш бўйича тегишли нормалар тасдиқланган. Унга кўра, ветеринария врачининг хулосаси бўлмаган тақдирда, ботулизм, қутуриш, парранда гриппи ва шу каби касалликлар аниқланган ҳайвонларни сўйиш тақиқланади. Шунингдек, ўлим талвасасидаги ҳайвонларни ҳам сўйиш мумкин эмас.
Замонавий сўйиш корхоналарида ветеринария хизмати махсус электрон дастур жорий этмоқда. У орқали истеъмолчилар харид қилаётган гўштнинг айнан қаерда, қандай шароитда сўйилганлиги ва ҳайвон қайси касалликларга қарши эмланганлиги тўғрисидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.
Замонавий сўйиш корхоналарига келтирилган чорва ҳайвонларининг барчасидан аввал қон намуналари олиниб, лаборатория текширувлари ўтказилгач сўнгра сўйишга рухсат этилади. Сўйилган чорва ҳайвонларининг гўштларини мутахассислар дастлабки кўрикдан ўтказилиб, истеъмол учун хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда савдо расталарига йўналтирилади. Асосийси сўйиш корхоналарига келган мижозларга тез ва сифатли хизмат кўрсатилмоқда.
Шунингдек, деҳқон бозорларда гўшт ва гўшт маҳсулотларини ташишга мўлжалланган транспорт воситалари инсон саломатлигига таъсир қилмайдиган материаллардан тайёрланган бўлиши, тозалаш ва дезинфекция қилишга қулайлиги ҳам назорат қилиб борилмоқда.

 

Сайёра ШОЕВА, ЎзА