Профессионал таълим муассасаларининг янги тизими ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 июль куни узлуксиз профессионал таълим тизимини янада такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Бугунги кунда барча соҳа ва тармоқларда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда янги корхоналар ишга туширилиб, ижтимоий инфратузилма ривожлантирилмоқда. Олдинда яна катта режа ва мақсадлар бор.

Буларнинг барчаси малакали мутахассисларга бўлган талабни оширмоқда. Чунки ҳар бир соҳанинг ривожи, лойиҳаларнинг ижроси етук кадрларга боғлиқ.

Шу боис кейинги йилларда таълим тизими модернизация қилиниб, ўқитишнинг замонавий шакл ва технологиялари жорий этилмоқда. Ҳудудларда янги, шу жумладан, хорижий таълим муассасалари ташкил этилиб, талаб юқори бўлган мутахассислар тайёрлашга шароит яратилмоқда.

Йиғилишда ўрта бўғин мутахассислари ва ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Коллежлар негизида профессионал таълим муассасаларининг янги тармоғини шакллантириш вазифаси қўйилди. Ушбу муассасаларда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрланади. Ўқитиш муддатлари зарур билим, малака ва кўникмаларнинг мураккаблигига қараб турлича бўлади.

Йиғилишда ушбу тизимни жорий қилишдан олдин унинг методологиясини яратиш, таълим дастурларини халқаро талаблар асосида янгидан ишлаб чиқиб, ўқитувчи ва ишлаб чиқариш усталарини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди. Ёшларни касб-ҳунарга қизиқтириш ва рағбатлантириш бўйича таклиф киритиш юзасидан топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари янги профессионал таълим тизимини меҳнат бозори талаблари билан уйғунлаштириш масаласига алоҳида тўхталди.

Жойларда ишсизлик кузатилаётган бир пайтда ишчи касблар бўйича мутахассисларга катта эҳтиёж борлиги қайд этилди. Масалан, енгил саноатда 46 минг, қурилишда 104 минг, металлга ишлов бериш бўйича 71 минг, хизмат кўрсатиш соҳасида 67 минг нафар мутахассис етишмаяпти. Бу таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида мулоқот ва яқин ҳамкорлик йўқлиги оқибатидир.

Шу боис битирувчининг ишга жойлашиши ёки ўз бизнесини йўлга қўйиши таълим муассасалари фаолиятининг асосий мезони бўлиши кераклиги қайд этилди.

Президент янги профессионал таълим тизими бўйича таклиф этилган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.

1.jpg

 

ЎзА