Россия президенти Владимир Путин украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан биринчи телефон мулоқотини ўтказди. Суҳбат Украина томонининг ташаббуси билан амалга ошган. Украина жануби-шарқидаги зиддиятни барқарорлаштириш ва ҳар икки томондан ушлаб турилган шахсларни қайтариш бўйича қўшма ишларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган. Норманд шаклидаги мулоқотларни давом эттириш имкониятлари ҳам кун тартибида бўлган. Қрим ва Донбасс мавзуси халқаро ҳаётнинг долзарб масаласи бўлгани, Европа шарқидаги кескин вазиятга сабаб бўлиб тургани нуқтаи назаридан Россия ва Украина президентларининг телефон мулоқотига катта эътибор қаратилди.
Владимир Зеленский матбуот хизмати Путин билан телефон суҳбатини тасдиқлади. Асосий мавзу асир олинган ҳарбий денгизчиларни озод этиш билан боғлиқ масала бўлган. Маълумки, ўтган йилнинг 25 ноябрида Керчь бўғози яқинида Россия расмийлари томонидан учта ҳарбий кема 24 нафар украин денгизчилари билан қўлга олинган. Улар чегарани бузиб ўтишда айбланган. Икки мамлакат президентлари шунингдек, Россияда ҳибсда бўлган бошқа украин фуқароларини ҳам қайтариш масаласини муҳокама этишган. Нима учун айнан шу вақтда?
Гап шундаки, 21 июлда Украинада навбатдан ташқари парламент сайлови ўтказилади. Агар шу кунларда украин денгизчилари озод этилса, Владимир Зеленский обрўси янада кўтарилади ва парламент сайловида унинг “Халқ хизматкори” партияси катта устунлик билан ғалаба қозонади. Аммо Владимир Путин денгизчиларни озод этишга розилик берганми ёки йўқ, бу ҳозирча қоронғу. Воқеалар жараёнини кузатайликчи, агар Кремль Зеленский тарафдорлари парламент сайловида ғалаба қозонишини хоҳласа, масала ижобий ҳал бўлади.
Зеленский апрель ойида бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи турида зафар қучди. Бошқа мамлакатлар етакчиларидан фарқли ўлароқ Путин уни сайлангани билан табрикламади. Россия президенти Москва Зеленскийнинг президент лавозимидаги иши натижаларини кутишини маълум қилганди.
Ўшандан бери ва шу бугунгача Путин ва Зеленский на учрашди, на телефон орқали суҳбатлашди, на бир-бирига мактуб ёзди. Июнь ойи бошида Путин Украинанинг янги президенти ҳақида шундай муносабат билдирди: «Мен бу кишини яхши билмайман, у шу пайтгача ишлаб келган соҳасида яхшигина мутахассис – яхши актёр. Аммо кимнингдир ролини ўйнаш бошқа, ҳаётда ким бўлиш бошқа иш”
Москва ва Киев ўртасида телекўприк ўтказиш уриниши туфайли Украина президенти Фейсбукда видеомурожаат билан чиқди. У мазкур ғояни танқид қилиб, муқобил таклиф сифатида Путин билан Минскда АҚШ президенти Доналд Трамп, Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй, ГФР канцлери Ангела Меркел, Франция президенти Эммануэл Макрон иштирокида кўп томонлама музокаралар ўтказишни таклиф қилди. 11 июль куни Зеленский ташаббусига Путин муносабат билдирди.
«Биз таклиф этилган форматларнинг бирортасига, шу жумладан, Норманд формати кенгайишига қаршилик қилмаганмиз, – деди Путин. – Бироқ, биринчидан, бу Норманд шакли ва олий даражадаги учрашувларга яхши тайёрланиш керак… Иккинчидан, Украина янги ҳукумати шакллангандан ва мамлакат парламентига сайловлар ўтказилгандан кейингина бу ҳақда гаплашиш ўринли бўларди. Учинчидан, бошқа иштирокчилар таклиф этилган форматга қандай муносабатда бўлишини билмайман».
Аслида бу тўғри фикрлар. Европа Иттифоқининг мустақил ўйинчига айланишини истаётган, ташкилотнинг “локомотиви” бўлмиш Германия ва Франциянинг Нормандия жараёнига Вашингтонни жалб этиш қарорига кўнишини тасаввур этиш қийин. Улар Европа муаммоларини қитъа давлатларининг ўзи ҳал қилиши тарафдори.
Биламиз, АҚШ Норманд жараёнининг иштирокчиси эмас. Ўз навбатида Путин Британия бош вазири Тереза Мэй тез кунларда лавозимини топшириши ҳақида эслатиб қўйди. Демакки, Британияда 22 июль куни янги бош вазир сайланиши мумкинлигини назарда тутсак, ҳозир Лондонни таклиф этишнинг мавриди эмас. Украина парламент сайловларига қизғин тайёргарлик палласида. 21 июль куни парламент сайлови ўтказилса, натижаларни ҳисоблаб чиқиш, депутатларни қасамёдга келтириш, янги ҳукумат шакллантирилгунча куз фасли бошланади. Шу нуқтаи назардан Норманд форматидаги учрашувларнинг кузда бошланиши муқаррарга ўхшаб турибди. Аммо телефон сўзлашувлари боши берк кўчага кириб қолган Норманд музокараларини тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бугун Парижда Норманд форматидаги давлат ва ҳукумат раҳбарлари маслаҳатчилари учрашувининг ўтказилиши ҳам фикримизга мисол бўла олади.
Ҳокимият тепасига келганига икки ярим ойдан ошган Владимир Зеленскийнинг биринчи мақсади мамлакат иқтисодиётини чўктираётган Донбасс можаросига чек қўйиш. Коррупция ва порахўрликка чек қўйиш, чинакам ҳуқуқий давлат қуриш. Аммо ҳозирги ҳукумат ва Олий Рада унинг ташаббусларига осонликча йўл бермаяпти. Фақат парламент сайловларида ғалаба қозониш орқалигина олдига қўйган мақсадларига эришиш йўлида улкан қадам ташлай олади. Ўтказилган ижтимоий сўровларга кўра, сайлов якунлари бўйича парламент таркибини асосан Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” ва қўшиқчи Вакарчукнинг “Голос” партиялари шакллантиради. Уларнинг фракцияси “Батькившина” ва собиқ президент Пётр Порошенконинг “Европейская солидарность” фракцияларидан катта бўлади. Шунинг учун президент Владимир Зеленский сайловгача қолган қисқа фурсатда отни қамчилаб қолиши керак.
Абдували Сайибназаров, журналист, ЎзА