Президент Бишкекка келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун 13 июнь куни Бишкек шаҳрига келди.
Бишкек, 13 июнь. 
ЎзА махсус мухбири 
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ хабар қилади.
Манас халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Қирғизистон Бош вазири Муҳаммедкалий Абилгазиев кутиб олди.
ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисининг кун тартибидан устувор йўналишларда, жумладан, сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилади.
4c49ebd9-d862-2b3e-4ece-9a625d195e58.jpg
Саммит якунида Бишкек декларацияси қабул қилиниши, шунингдек, ташкилот доирасидаги кўп қиррали шерикликни, жумладан, ҳудудлараро алоқаларни, рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари, экология, туризм, спорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон ШҲТ доирасидаги барча тадбирларда фаол иштирок этиб келади. Аъзо давлатлар билан биргаликда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари суриб келмоқда.
8bf140d6-ad9c-b55d-14fb-04ea3f920bb9.jpg
Ташкилотнинг асосий мақсадларига эришиш Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигига бевосита боғлиқ. Халқаро таҳлилчилар кейинги йилларда Ўзбекистоннинг минтақада мутлақо янги сиёсий муҳитни қарор топтиришда алоҳида ўрин тутаётганини қайд этмоқда. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қисқа вақтда минтақадаги ўткир муаммолар, жумладан, чегара, савдо, транспорт ва сувдан фойдаланиш масалалари ҳал этила бошлади.
24c9d78a-618e-8b24-4002-9c4c64ec80ad.jpg
Давлатимиз раҳбари ШҲТнинг Остона (2017) ва Циндао (2018) саммитларида илгари сурган муҳим ташаббуслар ҳам ҳаётда ўз амалий ифодасини топмоқда. Хусусан, Циндаода Давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати, ўтган йилнинг сентябрида Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар темир йўл бўйича идоралари раҳбарларининг биринчи учрашуви ўтказилди, мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 июндаги қарори билан пойтахтимизда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази таъсис этилди. Шу билан бирга, Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” халқаро туризм университети ташкил этилди. Жорий йилнинг иккинчи ярмида эса аъзо давлатлардаги ёшлар ташкилотлари иштирокида Ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш ҳамда Стартап ташаббуслари ва лойиҳалари бўйича форумлар ўтказиш режалаштирилган.
acc0cc43-bb09-4eb6-035f-f5921a5360d2.jpg
Президент Шавкат Мирзиёев бугун қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши кутилмоқда.
Саммитнинг асосий тадбирлари 14 июнь куни бўлиб ўтади.
b8113c28-b5dd-9ea1-ddf1-1aa4dedc8b17.jpg

 

ЎзА