Яқинда Президентимиз томонидан қабул қилинган

«Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонда бу соҳада  ҳаммамизнинг диққатимизни, эътиборимизни қаратувчи  қуйидаги жумлалар бор.

«…Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш сохасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, иқтисодийтни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш  коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.»

Шунингдек Фармонда белгилаб берилган бу янги тизимли чоралар Давлат Дастурини тасдиқлаш, коррупцияга қарши курашиш бўйича республика Идоралараро комиссияга  шу соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш, коррупция пайдо бўлиши сабаблари ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш юзасидан долзарб ва муҳим вазифалар белгилаб берилганки, бу вазифалар билан танишиш баробарида мамлакатимизда коррупциясиз яшашнинг барча чора тадбирлари кўрилаётганига гувоҳ бўламиз.

Президентимиз Ш.Мирзиёев 2018 йил 8 декабрьда «Ўзбекистон Конституциясига бағишланган тадбирда  «Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз» 1177 нафар мансабдор шахс коррупцияга қўл ургани учун жавобгарликка тортилди.

Телевизорда ҳар куни кўриб турибсиз: банкда, ҳокимиятда, шифохонада, прокуратурада, ички ишлар органларида коррупция. Қачон бу касалликдан халос бўламиз? Қачон бутун мамлакат бўлиб унга қарши курашамиз?

Коррупция билан Ўзбекистон ҳеч қачон олдинга қўйилшган мақсадларга эриша олмайди, «1177 киши бу–жуда катта рақам. Бу нима дегани? Бу жамиятимиз адолат, ҳалоллик, масъулият, халқ эҳтиёжларини қондириш, халққа хизмат қилиш каби тушунчалардан хали узоқлигидан далолат беради»,– деган эди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, аслини олганда халқимиз онгига чукур сингиб кетган бу одат коррупция деб аталмаса ҳам қон-қонга сингиб кетган бир бедаво дард, тузалмас бир оғир касал эканлигини тушуниб етилмаяпмиз.

Ёшгина она ўғилчаси ёки қизчасини болалар боғчасига олиб борар экан, тарбиячига албатта бирор совға бериш керак, деб ўйлайди. Шу билан энди тарбиячи боламга яхши қарайди, деб кўнгли хотиржам тортади.

Ёки эндигина мактабни битказган фарзанднинг отаси ўғли олий ўқиш юртига кириши учун умри давомида йиққан сармоясини кимга, ким орқали беришни, нима қилиб бўлса ҳам шу йўл билан фарзанди ўқишга киришини ўйлайди.

Кекса отаси ёки онаси бемор бўлиб қолган фарзанд, ёки боласи хасталанган ота-она шифокорга нимадир берса уни дарди осон кечиб, шифокор ота-онасининг дардига малҳам топадигандай, фарзанди ҳам тез тузалиб кетадигандай  ҳолатларни бошидан кечиради.

Шу ҳаракатлари билан улар ҳеч қачон мен коррупцияга қўл урдим деб ўйламайди. Ўзининг қилган ҳаракатини жуда тўғри баҳолайди. Ота-онанинг тузалиб кетиши олдида пул нима бўлибди, жонимни ҳам аямайман, деб ўйлайди. Болалар боғчалари, Олийгоҳда,  шифохонадагилар эса улардан бу пулларни олиб, мен пора олдим, коррупцияга йўл қуйдим, Давлат Қонунларини буздим, деб ўйламайди.

Ҳамма иллат шундаки, коррупциянинг илк илдизлари эндигина ҳаётга қадам қўяётган фарзандлар олдида ота-онасининг нимадир берсанг мушкулинг осон бўлади, деган тушунчадан ўсиб, каттая бошлайди.

Талаба имтиҳонга тайёр бўлмаса домлага пул бериб баҳо қўйдириб олади. Ана шундай ҳаракатлар билан оилада ота-она билиб билмай, ўз фарзандини коррупция йўлида тарбиялай бошлайди.

Ҳақиқат юзига тик карасак бундай ҳолатлар ҳамма соҳаларга ўтиб, чирмашиб ўсадиган чирмовуққа ўхшаб жамиятни буткул ўраб олган. Бу чирмовуқни таг-томири билан юлиб, уни ўсишдан тўхтатишнинг иложи бўладими?  Биз бугун ҳа, албатта бўлади, деб жавоб бера оламиз.

Айникса кейинги 3 йил давомида бу соҳада олиб борилаётган чукур ислоҳотлар, коррупция ва қонунбузарликнинг олдини олиш профилактикаси, кўрилаётган кескин чоралар «Коррупция қарши кураш тўғрисида»ги «Ўзбекистон Республикаси Қонунининг амал қилаётганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Қорақалпоғистонда ҳам коррупцияга қарши олиб борилаётган муросасиз кураш жамият ҳаётида фуқароларимиз томонидан огоҳлик, ҳушёрликда намоён бўлмоқда. Ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниб,  уларнинг сони камаймоқда.

Айниқса ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан ўтган давр мобайнида ҳудудда уюшган жиноятчилик ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг самарали чораларини кўриш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишининг ҳамда иқтисодиётга зарар етказилишининг олдини олиш, бошқарув ва ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг коррупциялашган жиноятларини фош этиш, порахўрлик ҳамда мансаб суиистеъмолликларига қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Айни пайтда Комиссиянинг тегишли идоралар билан олиб борган амалий ишлари натижасида кейинги йилларда Қорақалпоғистон Республикасида коррупция билан боғлиқ қўзғатилган ва судга оширилган жиноий ишлар сони ўтган йилдагига нисбатан анча камайган.

Тергов қилинган жиноят ишлари якуни бўйича тегишли идораларга тақдимномалар киритилиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўриб борилмоқда. Жиноят ишларини тергов қилиш жараёнида давлат ҳамда жамият манфаатларига етказилган миллиард-миллиард  сўмлик зарарлар ундирилиши таъминланган.

Қорақалпоғистон Республикаси идоралараро комиссияси томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан 6 мингдан ортиқ учрашувлар, семинар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилган. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олиш, бартараф этиш бўйича оммавий ахборот воситалари орқали мингга яқин чиқишлар қилинган.

Лекин очиқ айтиш керакки, бу тадбирлар коррупция соҳасида Президентимизнинг  Фармон, қарорлари  белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлашни тўлиқ қамраб олаётгани йўқ. Қорақалпоғистонда бу борада қилинадиган ишлар жуда кўп эканлигини ҳаёт ўзи кўрсатиб турибди.

Биз кейинги пайтларда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни ошириш борасида жуда кўп гапирамиз. Идора  ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида бу соҳада ўтказаётган тадбирлар, танловларнинг сон-саноғи йўқ. Тўғри, мустақиллик йилларида туғилган янги авлод, уларнинг бугунги кун ва келажакка бўлган нуқтаи назари, давлат, халқ, инсон ҳуқуқи баркамоллик тўғрисидаги тушунчалари бошқача. Демак биз ўтказилаётган маънавий, ҳуқуқий мавзудаги турли тадбирларга кўпроқ катта авлод вакилларини ҳам қатнаштирсак ёш авлод онгига коррупция тушунчалари кириб боришининг олдини олган бўлардик.

Коррупциянинг илдизига энг аввало катта авлод болта уриши керак. Ўз фойдаси, ўз манфаати учун давлатимиз қонунларини бузмаслиги керак. Бунинг учун биз барибир қайта-қайта инсон маънавияти тўғрисида гапиришдан чарчамаслигимиз керак. Чунки маънавиятли инсонда имон-эътиқод, ишонч  куч бўлади. Имон-эътиқодли маънавиятли инсон халоллик, тўғрилик, адолат тушунчаларини инсоннинг тоза, покиза ҳаётида кўради. У коррупцияга қўл урмайди. Бутун халқ бугун кўриб турибди.

Президентимиз томонидан бошланган коррупцияга қарши аёвсиз кураш, ОАВ, радио, телевидение, интернет сайтлари орқали намойиш қилинаётган эшиттириш, кўрсатувларда ўз аксини топмоқда.  Яъни бюджет–халқ пулини ўмараётган, пора орқасида етти авлодига етадиган мол дунё тўплаётган  коррупционерлар ким бўлишидан қатъий назар прокурорми, ҳокимми, вазирми давлатимиз қонунлари олдида жавоб бераяптилар. Юзлаб жиноий ишлар қўзғатилаяпти. Кўраяпмизки, ой сайин қайсидир бир катта амалдор ёки хизматчи, ходим коррупция ботқоғига ботиб, пора деган бало ортидан жазога тортилаяпти.

Мустабидлик давридан бугунги эркин ва озод ҳаётимизга ўтган  қора доғ, иллат бўлиб келаётган коррупцияга қарши кураш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир. Бу вазифа нафақат ҳуқуқ органлари, балки ҳар биримиздан катта масъулият талаб қилади. Ота-она, идора раҳбари, нуронийлар, жамоат ташкилотлари ҳамкорликда бу иллатга қарши курашда фаол бўлишимиз зарур.

Президентимизнинг 2019 йил 27 май куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу борада катта дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шак-шубҳасиздир.

 

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгеси депутати,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.