Германия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи минтақанинг истиқболли келажагидан дарак беради

Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг мамлакатимизга расмий ташрифи дунё жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, ушбу мамлакатнинг сиёсий, эксперт ва илмий доиралари вакиллари ташрифнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирмоқда.
Норберт Бартле, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги (BMZ) Парламент давлат котиби:
 
photo5440450102390008391.jpg– Германия Федерал Президентининг ташриф давомида кейинги йилларда мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган жадал ислоҳотларга, шунингдек, Ўзбекистон бутун минтақа учун барқарорлик гаровига айланиб, тўғри йўлдан бораётганига шахсан гувоҳ бўлдик.
Вазирлигимиз делегацияси ҳам Тошкентда бўлиб, молиявий ва техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро учрашувда иштирок этди. Музокаралар якунида биргаликдаги ҳаракатлар кўламини янада кенгайтириш тўғрисида келишувларга эришилди. Биз Ўзбекистонга ажратиладиган маблағлар ҳажмини ўн баравар оширишни режалаштиряпмиз. Ўйлайманки, бу Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, Оролбўйи минтақасидаги вазиятни ўнглашда муҳим аҳамият касб этади.
  
Вальдемар Хердт, Бундестаг депутати, «Германия – Марказий Осиё» парламент гуруҳи аъзоси:
photo5440450102390008393.jpg– Президентимизнинг Ўзбекистонга ташрифи мамлакат ва умуман минтақанинг истиқболли келажагидан дарак беради. Марказий Осиёда 60 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилса, ярмидан кўпи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Демак, мамлакатингиз минтақада ҳар томонлама ҳал қилувчи ўрин эгаллайди. Шахсан ўзим Ўзбекистондаги қисқа муддат ичида ҳаётга татбиқ этилган ислоҳотлардан ҳайратландим. Барча соҳада, айниқса, иқтисодиёт ва фикрлашда жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда.
Ўзбекистонликлар Германияга келиб, ўзларининг ишлаб чиқариш имкониятларини намоён қилишяпти. Навбатдаги босқичда биз биргаликда корхоналар ташкил этамиз. Бу кўплаб янги иш ўринлари деганидир.
Тўғриси, биз билан учрашган ўзбекистонлик ёш дипломатлар мени жуда ҳайрон қолдирди. Улар катта иштиёқ билан немис тилида Германияда таълим олиш истиқболлари хусусида тўлқинланиб гапирди. Биз ҳам ёшларингиз Германияда ва худди шундай немис ёшлари Ўзбекистонда ўқишини хоҳлаймиз. Ёш авлод ўз юртидан ташқарига чиқиб, дунёқараши, бошқа давлатлар маданияти ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириши, хорижлик тенгдошлари билан дўст бўлиши, ҳамкорликни йўлга қўйиши ҳар томонлама фойдали.
Андреас Ян, Германия Бундестаги вакили, Марказий Осиё бўйича эксперт:
 
photo5440650230686132752.jpg– Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланаётганидан хурсандман. Шу йилнинг январь ойида Ўзбекистон Президенти Берлинда Германия Федерал канцлери ва Федерал Президенти билан учрашганди. Жаноб Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифи учун ҳам жуда тўғри вақт танланган. Энди ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланади.
Ўзбекистон Президенти қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш бўйича жиддий қарорлар қабул қилгани бизни жуда қувонтирди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш нуқтаи назаридан бу биз учун ҳам фойдали. Чунки Ўзбекистон географик жойлашуви ва мавқеи жиҳатидан Марказий Осиёда муҳим аҳамиятга эга.
Германия Бундестаги икки томонлама муносабатларни маъқуллайди. Жорий йил 16-19 июнь кунлари Бундестагнинг иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш қўмитаси делегацияси Ўзбекистондаги ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига ташриф буюради.
Штефан Тратц, Германия судьялар академияси (Deutsche Richterakademie, DRA) директори, профессор:
қр.jpg– Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини хориж тажрибасини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон ва Германиянинг суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва махсус муассасалари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатиш учун кенг имконият яратади.
Германия судьялар академиясининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва суд органлари билан ҳамкорлиги жадал ривожланяпти. Сўнгги икки йил ичида, академия директори сифатида Тошкентда ўтказилган махсус семинарларда бевосита иштирок этдим ва гувоҳи бўлдимки, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз чуқур билимга, келажакда амалга оширилиши мумкин бўлган истиқболли ғояларга эга.
Ўзбекистон Президенти Бош прокуратура академияси ҳамда Олий судьялар кенгаши қошидаги Судьялар олий мактабини таъсис этди. Бу ерда биз биргаликда мазкур таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган режалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишимиз мумкин. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан самарали ҳамкорликни изчил давом эттирамиз, уларнинг Германия судьялар академиясида таҳсил олишларини ташкил этамиз.
Фредерик Венц, Фрайбург университети клиникаси бош директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор:
photo5440450102390008392.jpg– ГФР Президентининг Ўзбекистонга ташрифи соғлиқни сақлаш соҳасидаги муносабатларимизни ҳам қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Бундан икки йил олдин биз Ўзбекистонда тиббий хизмат кўрсатиш, хусусан, онкология соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш бўйича иш бошлагандик.
Немис онкология жамияти ва Германия соғлиқни сақлаш федерал вазирлиги томонидан саратонга қарши кураш бўйича Миллий режа ишлаб чиқилди. Ўтган йили Тошкентда онкология бўйича нур терапиясига урғу берилган ҳолда илк Германия – Ўзбекистон конференцияси ташкил этилди.
Суҳбатлар давомида ҳамкасбларимизни саратонга қарши кураш бўйича Миллий режа билан таништирдик. Муҳокамалар 30 миллиондан зиёд аҳолиси бўлган мамлакатда саратонни даволаш, мазкур касалликка ташҳис қўйиш ҳали талаб даражасида эмаслигини кўрсатди.
Ушбу касаллик терапияси ва диагностикасини яхшилаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида сўнгги икки йил ичида муайян ютуқларга эришдик. Шундай бўлса-да, инвестиция киритиш ва инфратузилмани ривожлантириш орқали вазиятни янада яхшилаш лозим. Бу биринчидан зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган онкологик марказлар ва клиникалар ташкил этиш билан боғлиқ. Иккинчи томондан, ходимларни саратонни даволаш бўйича ўқитиш учун маблағ ажратиш ҳам жуда муҳим. Шунчаки шифокорларни ўқитиш етарли эмас, балки ўрта ва кичик тиббий ходимларга тиббий физика ва радиацион биология каби аралаш йўналишлар бўйича қўшимча билим бериш зарур.
Қайд этиш керак, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз ўз ишини жуда севади ва шу билан бирга улар ривожланишда давом этишни жудаям хоҳлайди.
Аминманки, Германия ва Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасидаги келишувлари натижасида билим ва кўникмаларимизни бир-биримиз билан баҳам кўрамиз, бир-биримиздан ўрганамиз. Бу охир-оқибат Ўзбекистон аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ишончим комил, жаноб Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифи икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлайди. Келажакда, жумладан, онкология соҳасидаги ҳамкорлигимиз ҳам фаоллашувига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг
Германия Федератив Республикасидаги
элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланди.

 

ЎзА