Шавкат Мирзиёев: Энг катта бойлик – бу маънавий бойлик

Президентимиз Андижон вилоятига ташрифи доирасида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хиёбони ва ижод мактабида бўлди. 
Муҳаммад Юсуф ўзининг бетакрор асарлари билан халқнинг дардини, қалбидаги қувончу шодликларни, она юртга муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини содда ва гўзал мисралар орқали тараннум этган ўзига хос ижодкор эди.
Халқ ҳурмати ва эҳтиромини топган шоир бугун орамизда йўқ бўлса-да, унинг номи, ижоди тилларда достон, шеърлари эса минглаб қалбларга қувонч, самимият, маънавий гўзаллик улашаётгани айни ҳақиқат. Халқ ўзининг ардоқли шоирини асло унутгани йўқ. Буни унинг ижодини ўрганиш, кенг тарғиб этишга қаратилаётган алоҳида эътибор мисолида ҳам кўриш мумкин.
1151ab1a-cb0f-5658-e12c-84998dbbc7be.jpg
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида вилоят марказида Ўзбекистон халқ шоири номидаги мактаб ташкил этиш, ёшларга унинг ижодини, ўзбек адабиётининг янги қирраларини чуқур ўргатиш, истеъдодли ижодкорларни тарбиялаш таклифини илгари сурган эди.
Мазкур эзгу ташаббус асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 июлдаги “Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва Муҳаммад Юсуфнинг бюсти ўрнатилган хиёбонни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
9a5b5f9d-fe99-2aeb-6059-37f928a5f5e3.jpg
Андижон шаҳри Амир Темур кўчасида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва Муҳаммад Юсуфнинг бюсти ўрнатилган хиёбон барпо этилди. Бугунги кунда ушбу мактабда 150 нафар иқтидорли йигит-қиз таълим олмоқда. Билим даргоҳида умумтаълим фанлари билан бирга, адабиёт ва бадиий ижод борасида пухта билим олиш учун зарур шароитлар яратилган. Замонавий жиҳозланган ахборот ресурс маркази, спорт зал, футбол майдони, ётоқхона ўқувчилар ихтиёрида.
Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, ҳайкалтарош Шоҳруҳбек Ўрозов томонидан яратилган бюст, шунингдек, иккита фаввора, манзарали гул ва дарахт кўчатлари ўтказилган хиёбон Андижон шаҳрининг кўркига кўрк қўшиб, ёш ижодкорлар тарбиялайдиган зиё масканларидан бирига айланган.
1437b5fc-1227-8706-c8b4-23548d6734e8.jpg
Президент мактаб-интернат ўқитувчи ва ўқувчилари билан мулоқот қилди. Муҳаммад Юсуфнинг ижодий фаолияти, ўқувчилик даврида фойдаланган ўқув қуроллари, суратлар жой олган музейни кўрди. Ўқувчилар шоир шеърлари ва ўз ижод намуналаридан ўқиб берди.
– Муҳаммад Юсуф ҳалқчил шоир эди. Қисқа умри давомида бизга катта маънавий мерос қолдириб кетди. Ватан ҳақида ёзган содда ва самимий шеърлари доимо қалбимизда сақланиб қолади, – деди Шавкат Мирзиёев. – Энг катта бойлик – бу маънавий бойликдир. Шунинг учун ёшларимиз доимо ўқиши, изланиши даркор. Ҳамма нарса ўткинчи. Лекин билим ҳеч қачон йўқолмайди. Билимли одам ҳеч қачон ҳор бўлмайди. Шунинг учун сизлар доимо ўқиш, изланишдан тўхтамаслигингиз керак.
9ce5c30d-1610-b9b0-dba6-d5d40fce390e.jpg
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга мактаб-интернат ўқувчиларининг бошқа вилоятларга бориб тенгдошларига Муҳаммад Юсуф ижоди ҳақида гапириб беришлари учун шароит яратиш, вилоят телевидениесида махсус кўрсатувлар тайёрлаш бўйича топшириқ берди.
Мактаб-интернат ўқувчиларига Муҳаммад Юсуфдек буюк шоир номига муносиб фарзандлар бўлиб камол топиш, ўз истеъдодлари билан жаҳонга машҳур инсонлар бўлиб етишиш тилакларини билдирди.
804d1329-5a42-4f5f-3cac-f061fec72428.jpg
f0ef1474-2846-b970-353d-d643dffc8310.jpg

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА