Президент Андижоннинг оғир шароитли маҳалласини бориб кўрди

Қанчалик оғир бўлмасин, ислоҳотларни барча жойда бир хил олиб бориш қийин. Чекка жойларни қўйиб туринг, ҳатто вилоят марказларида ҳам ҳанузгача совет замони манзарасини берадиган маҳаллалар, кўчалар учрайди. Оғир шароитли, тор, эгри-бугри, ҳидига туриб бўлмайдиган бундай маҳаллаларда ҳам одамлар яшайди.

Андижон шаҳрининг Мустақиллик маҳалласини ҳам номига монанд деб бўлмайди. Бу ерда ачинарли аҳволда яшаётган оилалар учун Хўжаобод тумани Хидирша массивидан 54 гектар ер ажратилиб, “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалласи барпо этилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Давлатимиз раҳбари 16 май куни ушбу маҳаллада бўлиб, бу ерга кўчирилаётган оилаларга яратилган шароитлар билан танишган, бунёдкорлик ишларини кенгайтириш бўйича топшириқлар берган эди.

Шавкат Мирзиёев 17 май куни Андижон шаҳрининг Мустақиллик маҳалласига бориб, бу ердаги ҳақиқий аҳвол билан танишди.

5 минг 600 нафардан зиёд аҳоли яшайдиган бу маҳалла ҳеч қандай шароит йўқлиги боис шаҳарнинг оғриқ нуқталаридан бири бўлиб келаётган эди. Кўчаларга машина сиғмайди, тор, пастқам, зах ва қўланса ҳидига чидаб бўлмайди. Одамлар “қачондир кўчаман-ку” деган кайфиятда ҳатто девор, эшигини ҳам бўямаган, ҳовлисини тартибга келтирмаган.

Президентимиз эски барак типидаги ҳовлиларда қийналиб яшаётган одамлар билан суҳбатлашди.

– Бундай оғир шароитда яшашнинг ўзи бўлмайди. Айниқса, болалар шу шароитда яшаб келаётганига умуман чидаб бўлмайди. Андижонда ер масаласи жуда оғир. Бу маҳалла аҳолиси ҳам кун ўтиши учун яшаб келган. Бугун бу ерга келишимдан мақсад одамлар турмуши билан танишиш, ҳамма оилалар учун яхши шароит яратиб бериш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маҳалла вакиллари баҳаво адирликдан жой ажратилиб, барча шароитлари мавжуд уй-жойлар қурилаётгани ва оилалар кўчирилаётганидан бугун одамларнинг ўзлари хурсанд эканини алоҳида таъкидлади.

Мустақиллик маҳалласи ўрнида, Бобуршоҳ, Амир Темур ва Навоий шоҳ кўчаларининг кесишмасида “Andijon sity” ишбилармонлик маркази барпо этилади. Ушбу замонавий шаҳарчада лўнда қилиб айтганда, андижонликлар учун энг замонавий турар жой, дам олиш, ҳордиқ чиқариш, бизнес ва ишбилармонлик фаолияти билан шуғулланиш учун шароит яратилади.

Президентимиз қурилишда ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланиш, кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор бериш зарурлигини таъкидлади.

– Худди “Tashkent sity”даги сингари бу ерда ҳам уйлар ва савдо офислари савдоси билан шуғулланувчи кўргазма ташкил этиш зарур. Шундай қилинса одамлар келиб кўради, қизиқиши ошади. Бу жой яна икки йилдан сўнг Андижоннинг кўз-кўз қиладиган жойи бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Бугунги шиддатли ҳаёт қишлоқ жойларда намунавий лойиҳадаги уйлар қурилишида ижтимоий инфратузилма, коммунал-маиший хизмат, муҳандислик-коммуниция масалаларига комплекс ёндашувни талаб этмоқда. Шу пайтгача чекка ҳудудларда барпо этилган намунали аҳоли массивлари учун жуда катта маблағ сарфлаб газ, электр, ичимлик ва оқова сув тармоғи тортилган бўлса, янги лойиҳадаги массивлар тўлиқ ўзини ўзи таъминлайди.

Таунхаус деб номланган бундай услубдаги массивларни қуриш Европа ва бошқа ҳудудларда кенг тарқалган. Мамлакатимизда ҳам дастлаб Жиззах вилоятида шундай услубдаги массивлар қурилиши лойиҳаси ишлаб чиқилган. Президентимиз ташаббуси билан Андижон вилоятида аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш энг долзарб бўлгани боис уни биринчи бўлиб ушбу ҳудудда қуришни бошлаш режалаштирилмоқда.

“Qorako’l stroy engineering” масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиққан лойиҳага кўра 7,5 гектар ерда 108 та таунхаус уй, 9 та 5 хонали ва яна шунча 3 хонали якка тартибдаги турар жой, болалар боғчаси, савдо ва маиший хизмат шохобчалари қурилади.

Энг муҳими, ушбу массив ўзининг сувни тозалаш, канализация иншооти, кичик электр станция, сув иситиш қуёш электр станцияларига эга бўлади. Яъни, таунхаус уйлари ўзини ўзи тоза ичимлик сув, электр, иссиқлик билан таъминлайди. Бошқача айтганда, барча коммунал-маиший хизматлар маҳаллий шароитда яратилади. Уйлар қурилишида энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланилади.

492bf7db-0f8e-0dfd-1177-5d58a6f723d2.jpg

c17e6f80-c15d-9978-5fb1-d2e0c45a92c1.jpg
a0cd075e-8985-5a56-e9ed-23c6c082ed62.jpg

 

Матназар Элмуродов, Умар Асроров, ЎзА