Бухоро вилоятида икки йилда қиймати 25,3 триллион сўмлик 625 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бошланди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани, унинг натижалари ҳар бир соҳада сезилиб, одамлар эртанги кунга умид билан қараётганини таъкидлади.

– Ҳамма ишларимиз, режаларимиз Ўзбекистон халқининг манфаати учун. Бу ҳудудларда, ҳар бир кўчада, одамлар ҳаётида намоён бўлиши учун қуйи даражада сифат, билим, фидойилик юқори бўлиши керак. Қарсаклар, баландпарвоз гапларга чек қўйиб, ҳар бир хонадон, шахс билан манзилли, алоҳида-алоҳида ишлаш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Бухоро вилоятини ҳам жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш ва ҳаётини яхшилаш ишларига устувор эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

– Моддий кўмак, тизим бўмаса, натижа бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир қарорни моддий манбалари билан қабул қиляпмиз. Бухорога ҳам катта тайёргарлик билан келдик, – деди Президент.

2019-2020 йилларда вилоятда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати қарийб 25 триллион 353 миллиард сўм бўлган 625 та йирик ва ўрта инвестиция лойиҳалари дастури ишлаб чиқилгани таъкидланди. Бу салкам 30 минг доимий иш ўрни яратишни таъминлайди.

Йиғилишда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилмоқда.

Уни видеоселектор орқали шаҳар ва туманлар аҳолиси кузатиб бормоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати маълум қилди.

50873d44-2a4c-9133-82d2-75ed0d98f8a4.jpg

 

ЎзА