Давлатимиз раҳбари Ғиждувон туманидаги “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамиятининг ип-йигирув ва тўқув корхонаси фаолияти билан танишди.
Президентимиз 2017 йили Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Ғиждувон туманидаги собиқ Ғиждувон ип-йигирув фабрикасининг бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан унумли фойдаланиш, Ғиждувон эркин иқтисодий зонасини ушбу ҳудудда жойлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди.
“Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамияти томонидан собиқ фабриканинг 9 гектардан зиёд майдонида йирик лойиҳа – ип-йигирув корхонаси ташкил этилди. Умумий қиймати 27 миллион АҚШ доллари бўлган фабрика учун Ипотека банк филиалидан ажратилган кредит эвазига Германия, Туркия, Швецария ва Япониядан замонавий ускуналар харид қилинди. Масъулияти чекланган жамияти ўз маблағи ҳисобидан бино ва иншоотларни қайта қуриб, реконструкция қилди.
Жорий йил январда ишга туширилиб, 350 та иш ўрни яратилди. Корхона йилига 9400 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш, 5 миллион долларлик экспорт қилиш қувватига эга.
Халқаро андозаларга мос сифатли маҳсулот ички бозор ва хорижий буюртмачиларга етказиб берилмоқда. Қарийб 33 миллиард сўмлик ип-калава сотилиб, 1,1 миллион долларлик маҳсулот Россия, Туркия, Польша ва Молдова давлатларига экспорт қилинди. Айни пайтда корхона Туркияда савдо уйини ташкил этиб, маҳсулот экспорти бўйича хорижий шериклар билан музокаралар олиб бормоқда.
Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, иккинчи босқичда ишлаб чиқариш қуввати янада кенгайтирилиши, экспорт йилига 51 миллион долларга, иш ўринлари 1 минг 250 тага етказилиши режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев корхонада ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбари яқинда АҚШ Ўзбекистон пахтасини сотиб олишга тақиқни бекор қилгани, бу мамлакатимиз пахта етиштирувчиларини Америка бозорига тўлақонли киришига, хорижий нуфузли компаниялар билан бизнес алоқаларни кенгайтиришига йўл очиб берганини таъкидлади.
Эндиги навбат – биз пахтамизни чуқур қайта ишлаб, қўшилган қийматли маҳсулотлар экспортини янада ошириш чораларини кўришимиз зарур, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда Бухоро вилоятининг саноат салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Вилоятда 2019-2020 йилларда саноат соҳасида амалга ошириладиган йирик лойиҳалар, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши паст туманларида ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж, қурилиш материаллари, тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юртимизнинг Хитой, Индонезия ва Исроилдаги элчихоналари билан инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Уларга мувофиқ, вилоятда пахта, мева-сабзавот, тери, жун ва кимё маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш, саноат салоҳиятини 3 баробар ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кластер усулида ташкил этиш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, янги иш ўринларини яратишни кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.