Туризм соҳасини ривожлантиришда жамоат ташкилотларининг роли жуда муҳимдир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Ошпазлар, Рестораторлар ва Отельерлар уюшмалари, Аэронавтика, География жамияти, Экстремал ва тоғ туризми федерациялари, Ўзбекистоннинг хусусий туристик ташкилотлари ассоциацияси ва бошқа жамоат ташкилотлари билан изчил ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.
Жамоат ташкилотларининг туризмни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари ва ташаббуслари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланмоқда ҳамда молиявий ва услубий кўмак кўрсатиб келинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси Гастрономик туризмни оммалаштиришга қаратилган лойиҳаси доирасида мамлакатимизнинг энг кучли ошпазлари билан биргаликда Ошхона энциклопедиясини тайёрламоқда.
Бу китоб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги турли таомлар рецептини ўз ичига олади. Китобга нафақат машҳур миллий таомларимизни тайёрлашнинг усуллари, балки кичик шаҳарлар ва ҳатто қишлоқлар учун хос бўлган таомларнинг таърифи ҳам киритилади.
Шунингдек, Тошкентнинг гастрономик харитасини тузиш устида иш олиб борилмоқда. Бу хаританинг асосий вазифаси гастрономик туризмни жадал ривожлантириш, ўзининг таомлари, хизмат кўрсатиш сифати, санитария ва гигиена ҳолатининг юқорилиги ва бошқа жиҳатлари билан пазандачилик санъатининг у ёки бу турларини намоён эта оладиган умумий овқатланиш масканларини аниқлаш, улардаги хизмат кўрсатиш ва сервис сифатини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишдир.
Гастрономик харитани тузиш доирасида ҳар йили Тошкент пазандачилигининг ноёб хусусиятларини ўзида акс эттирадиган фестиваль ташкил этиш ва пойтахтимиз аҳолиси, меҳмонларга намойиш қилиш режалаштирилган.
ЎзА