Жорий йил 11-15 февраль кунлари Москва шаҳрида бўлиб ўтган йигирма олтинчи «Продэкспо-2019» озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар ва уларни ишлаб чиқариш учун хом ашё халқаро кўргазмасида «Ўзшаробсаноат» акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарнинг маҳсулотлари юксак мукофотларга сазовор бўлди.
«Продэкспо» Россия Федерацияси ҳудудидаги энг йирик озиқ-овқат саноати кўргазмасидир. Жорий йилда унда 69 мамлакатнинг 2440 компанияси иштирок этди. Мамлакатимиз экспозициясидан юртимизда ишлаб чиқарилган кенг турдаги маҳсулотлар, жумладан, сархил мева ва сабзавотлар, қуритилган мевалар, қандолатчилик маҳсулотлари, чой, алкоголли ва алкоголсиз ичимликлар ўрин олди. Тадбирда «Ўзшаробсаноат» АЖ корхоналари ҳам юксак мукофотга муносиб кўрилди.
Жорий йилги кўргазмада «Тошкентвино комбинати», «Шохруд», «Ўзбекистон шампани», Ховренко номидаги Самарқанд вино комбинати, «Нукус вино заводи», «Урганч шароб», «Denov vino-aroq» акциядорлик жамиятлари, «Афсар компани лтд.» масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси, «Султон шарбати», «САВБ», «Булунғур-1», «Самарқанд-Жомбой шароб» масъулияти чекланган жамиятлари, «Қўқонспирт» ва «Andijon biokimyo zavodi» акциядорлик жамиятлари иштирок этди.
– Ўзбекистоннинг бундай нуфузли халқаро форумдаги иштироки мамлакатимиз озиқ-овқат саноатида, жумладан, виночилик тармоғида эришилаётган муваффақиятларни намойиш этиш, янги келишувларга эришиш, тажриба орттириш учун ажойиб имкониятдир, – дейди «Ўзшаробсаноат» АЖ раисининг ўринбосари Сардор Умаров. – Жамиятимиз тизимидаги корхоналар кўргазманинг доимий ва фаол иштирокчиларидир. «Продэкспо»нинг дегустация танловида, «Энг яхши маҳсулот» ва «Продэкспо винолари» танловларида корхоналаримиз маҳсулотлари ҳар йили мукофотланади.
Бу йилги кўргазмада корхоналар 2 Гран-при кубоги, 15 олтин, 3 кумуш медал ва 3 дипломга сазовор бўлгани улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг юқори сифати халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, ароқ ишлаб чиқарувчилар ўртасида «Энг яхши маҳсулот» номинациясида Гран-при кубогига учта корхона муносиб топилган бўлса, шундан иккитаси мамлакатимизда фаолият юритаётган «Афсар компани лтд.» МЧЖ қўшма корхонаси ва «Нукус вино заводи» АЖга топширилди. Учинчи кубок соҳиби – Россиянинг «Кристалл» заводи.
Шунингдек, «Тошкентвино комбинати» АЖ бош директори Миробид Маҳмудов Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» ва «Юқори сифат учун» олтин фахрий медаллари билан тақдирланди.
«Ўзшаробсаноат» АЖ корхоналари нуфузли «Продэкспо-2019» халқаро кўргазмасида юксак эътироф этилгани уларнинг келгуси фаолиятига кучли рағбат бўлиб хизмат қилади.

 

М.АНИСИМОВА, ЎзА мухбири