Янги вазирлик ташкил этилди

Президентимизнинг 2019 йил 28 январдаги “Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида бу қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигини ташкил этиш бўйича атрофлича баён қилинди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг ваколатли вакиллари ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмалари негизида Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар)даги ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.
Вазирлик ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириб, давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурлари, шу жумладан, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилишини мувофиқлаштиради. Хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишларини мувофиқлаштириш, халқаро иқтисодий ва молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан икки томонлама ва кўп томонлама ўзаро самарали ҳамкорликни амалга оширади. Давлат органлари ва ташкилотларининг, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамда хорижий молия ва иқтисодий институтлардаги доимий вакилларининг, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаларида ташқи иқтисодий фаолият масалалари билан шуғулланувчи ходимларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради.
Фармонга кўра, Вазирлик инвестиция ва савдо фаолиятига, шу жумладан, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга салбий таъсир кўрсатадиган муаммоларни ўрганишни таъминлайди. Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, устав капиталида давлат улуши устун бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ташаббуси билан қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ эквивалентдаги инвестицияларни жалб қилиш соҳасидаги келишувлар Вазирлик билан олдиндан келишилиши шарт.

 

А.Мусаев, ЎзА​​