Тошкент шаҳрида 29 январь куни Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси нодавлат нотижорат ташкилоти ва “Person Hunters” масъулияти чекланган жамияти ўртасида меморандум имзоланди. Эндиликда томонлар хорижда таълим олаётган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик қилади.
Ушбу ҳамкорлик доирасида давлат идоралари ва хусусий сектордаги бўш иш ўринларига мос номзодларни танлаш, ахборот алмашиш ишлари йўлга қўйилади, қўшма лойиҳалар амалга оширилади, конференциялар, семинарлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади.
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси нодавлат нотижорат ташкилотининг асосий мақсади Ўзбекистон фуқароси бўлган ва хорижда ўқиётган ёки меҳнат қилаётган ёшлар билан ишлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдир.
Меморандумни имзолаш маросимида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси раиси Муродилла Алимбоев хорижда таълим олаётган ёшларни бўш иш ўринлари билан таъминлаш борасидаги ишларда мамлакатимиз меҳнат бозорида рекрутинг хизматларини кўрсатиб келаётган “Person Hunters” билан ҳамкорлик қўл келишини айтиб ўтди. Ўз навбатида “Person Hunters” МЧЖ раҳбари Юлия Яковлева ҳамкорлик меморандуми яқин келажакда ўз меваларини беришини таъкидлади.
– Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришлар, иқтисодиётнинг турли тармоқларига йўналтирилаётган инвестициялар янги корхоналарнинг кўпайишига туртки бермоқда, – деди Ю.Яковлева. – Натижада мамлакат меҳнат бозорида мутахассисларга бўлган талаб янада ошмоқда. Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси билан ҳамкорлигимиз хорижда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мутахассисларни янги иш ўринларига жалб қилиш имконини беради.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА