Оролбўйи ҳудуди, маҳаллий аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, аҳоли пунктлари инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун юртбошимизнинг махсус қарори қабул қилинди.
Давлат хизматлари агентлиги ушбу стратегик аҳамиятга молик ҳаракатга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Оролбўйи ҳудудининг юраги ҳисобланмиш – Мўйноқ туманида замонавий Давлат хизматлари маркази қурилиши ишлари бошланди. Бугунги кунда бу ерда 31 мингдан ортиқ фуқаро истиқомат қилади.
Янги марказни 288 квадрат метр майдонда барпо этиш режалаштирилган. Давлат хизматлари маркази билан бир қаторда бу ерда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси жойлашиши кўзда тутилган.
Тартиб сақланиши учун хизматлар электрон навбат тизими орқали кўрсатилади. Бундан ташқари, Мўйноқ аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида шинам кутиш заллари, болалар ўйингоҳи ва бошқа шарт-шароитлар яратилади.
Бир кунда 250-300 фуқарога қулай ва тезкор хизмат кўрсатиш режалаштирилмоқда. Замонавий ДХМни Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топшириш мўлжалланган.
ЎзА