Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Геномика ва биоинформатика маркази олимлари Миср ва Россия Федерациясидан ғўза генларини нокаут қилиш (“ўчириш”) технологиясига патент олишди. Бу ҳақида марказ матбуот хизмати хабар бермоқда. Хабарда таъкидланишича, молекуляр технологиялар дунёдаги саноқли давлатлардагина ривожланган бўлиб, ўзбек олимларининг молекуляр биология соҳасидаги мазкур инновацияларининг жаҳонда тан олиниши юртимиз илмий салоҳияти юқори эканини англатади. Аввалроқ мазкур технологияга АҚШ Патентлар ва товар белгилари идораси томонидан ҳам патент берилган эди. Патент берилиши халқаро даражада технологияларни лицензиялаш имкониятини очади ва нафақат товарлар экспорти учун, балки интеллектуал мулкдан ҳам даромад олиш имкониятини беради.
Ген-нокаут технологияси ўзбек олимлари томонидан 2008 йили ишлаб чиқилган бўлиб, тадқиқотлар ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланди. Натижада юқори ҳосилдор, тез пишувчи, узун толали, қуруқликка чидамли, шўрхок тупроқда ўсадиган “Порлоқ” сериясидаги биотехнологик навлар яратилди.
Бугунги кунга келиб “Порлоқ” нави юртимизда етиштириладиган бошқа навларга қараганда 12 фоизга қимматроқ нархда сотилади ва жаҳон бозорида катта талабга эгалиги билан ажралиб туради. 2018 йили “Порлоқ” нави республикамиз бўйлаб 60 минг гектардан ошиқ майдонларда экилди, бу навнинг экиш майдонлари янада кенгайтирилиши кутилмоқда.
ЎзА