Ўзбек дипломатининг ШҲТдаги фаолияти хорижий ОАВ нигоҳида

Мамлакатимизда барча соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қатори сиёсий бошқарув тизимида эришилаётган муваффақиятлар ҳам халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норовнинг 2019 йил 1 январдан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби лавозимини эгаллагани бунинг яна бир тасдиғидир. Ушбу тарихий воқеа хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.
Туркиянинг ТRT порталида бу ҳақда “Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири ШҲТ Бош котиби лавозимига тайинланди” номли мақола эълон қилинди. “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо Давлат раҳбарлари кенгаши қарорига биноан 2019 йил 1 январдан Владимир Норов ташкилот Бош котиби лавозимини эгаллади”, дейилади мақолада. Унда Владимир Норовнинг касбий фаолияти ва ШҲТ ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.
Озарбайжоннинг Trend.Az ахборот агентлиги тарқатган мақолада “ШҲТнинг 2018 йил июнь ойида Хитойда бўлиб ўтган саммитида Владимир Норов 2019-2021 йиллар давомида ташкилотнинг Бош котиби лавозимига тайинланди“, дейилади.
Шунингдек, «Синьхуа», «РИА Новости», «Комсомольская Правда», «Regnum», «Еurasia.expert», «СНГ Сегодня», «Хабар 24», «Ритм Евразии», «Asia Plus» каби етакчи ахборот агентликлари ва нашрлари ҳам ўзбек дипломатининг ШҲТдаги юксак лавозими юзасидан турли мақола ва хабарлар эълон қилди. Хусусан, Россиянинг Regnum ахборот агентлиги сайтида берилган мақолада В.Норовнинг таржимаи ҳоли ва касбий фаолиятига батафсил назар ташланган.
«Еurasia.expert» порталида агентлик мухбирининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов ШҲТ Бош котиби лавозимига киришишидан аввал у билан қилган суҳбати эълон қилинган.
Суҳбат аввалида В.Норов “яқин келажакда глобал хавфсизлик даражасини яхшилаш ва ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ташкилот томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар, истиқболли режалар ҳақида маълумотлар берди, дейилади.

 

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА