Янги йилнинг илк кунларидан БААда ҳисоб бўйича ўн еттинчи Осиё кубогига старт берилади. Ушбу нуфузли мусобақа учта терма жамоа учун дебют саналади. Булар – ён қўшнимиз Қирғизистон, шунингдек Филиппин ҳамда Яман терма жамоаларидир.
Эътиборлиси, ортда қолган 16та Осиё кубогида ҳеч бир юрт вакиллари узлуксиз иштирок этишмаган (ҳолбуки жаҳон чемпионатлари тарихида Бразилия терма жамоаси барча мусобақаларда қатнашган). Бу борада энг яхши кўрсаткич қитъамиз грандлари Жанубий Корея ҳамда Эронга тегишли, улар шу кунгача 13та Осиё кубогида иштирок этишган. Демак, БААда бўлиб ўтадиган баҳслар бу икки терма жамоа учун ҳисоб бўйича 14-мусобақага айланади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса еттинчи бор Осиё кубогининг финал босқичида иштирок этади. Вакилларимизнинг энг яхши кўрсаткичи ҳозирча 2011 йилги мусобақа бўлиб турибди. Ўшанда Вадим Абрамов бошчилигидаги чарм тўп усталаримиз Осиё кубогида ярим финалгача етиб боришган эди.
Кўрайлик-чи, бу сафар Эктор Купер бошчилигида миллий терма жамоамиз 2011 йилги натижани яхшилай олишармикан?!
Отабек Эшмаматов, ЎзА