Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти назарий астрофизика бўлими бошлиғи, физика-математика фанлари доктори, профессор Аҳмедов Бобомурат Жураевич Бутунжаҳон фанлар академияси (The World Academy of Sciyences, TWAS) аъзолигига сайланди. Бу ҳақида Ўзбекистон Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.
2018-йил 27-ноябр куни Бутунжаҳон фанлар академиясининг Италиянинг Триесте шаҳрида бўлиб ўтган 28-Бош ассамблеясида дунёнинг 104 та мамлакатидан 46 нафар янги аъзолар сайланган, шулар орасида Ўзбекистон Республикасидан Б.Ж.Ахмедов ҳам бор.
Аҳмедов Бобомурат Жураевич – физика-математика фанлари доктори, профессор, Астрономия институтининг назарий астрофизика бўлими бошлиғи, шунингдек, Ўзбекистон Миллий Университети профессори ҳамдир. Унинг асосий илмий ишлари гравитация назарияси, умумий нисбийлик назарияси, релятивистик астрофизика ва компакт гравитацион объектлар физикаси соҳасидадир. У гравитация назарияси, майдонлар назарияси, релятивистик ва ядро астрофизикаси соҳаларида юқори илмий-педагогик тажрибага эга ва шу кунгача унинг муаллифлиги ва ҳаммуаллифлигида 200 дан ортиқ илмий ишлар чоп этилган.
Бобомурат Аҳмедов – 2017-йилда илмий ишларига энг кўп ҳавола қилинган муаллиф («Highly Cited Author», Web of Sciyence“), 2018 йилда эса “Йил олими-2018” («Researcher of the Year», Scopus) ҳамда 2012 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордери билан мукофотланган. Шунингдек, у Марказий Деҳли Университетининг фахрий профессори, Италиянинг Триесте шаҳридаги Халқаро назарий физика марказининг релятивистик астрофизика ва гравитация соҳасида минтақавий координатори, Ҳиндистоннинг Университетлараро астрономия ва астрофизика маркази ва ТАТА фундаментал тадқиқотлар институтининг аъзоси ҳамдир. Бундан ташқари, олим CNR, DAAD, TWAS, ICTP, Volkswagen, Erasmus+ каби бир қатор нуфузли ташкилотларнинг халқаро грантлари раҳбари ва 20 дан ортиқ халқаро нуфузли илмий журналлар тақризчиси ва «Arabian Journal of Mathematics» Springer илмий журналининг редакторидир.
Бобомурат Аҳмедов Ўзбекистонда релятивистик астрофизика соҳасида янги илмий мактаб яратган бўлиб, у аллақачон халқаро эътирофга сазовор бўлган ва ушбу мактабдан бир қатор фан докторлари ва фан номзодлари етишиб чиққан, кўплаб истеъдодли ёш олимлар тарбияланиб келмоқда.
TWAS академияси 1983 йилда Нобел мукофоти лауреати, назариётчи физик олим Абдус Салам ташаббуси билан дунёда фан ва техниканинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган. Унинг аъзоси бўлиш – бу жаҳон миқёсидаги олим бўлишни англатади.
ЎзА