Ҳозирги пайтда Орол денгизининг Қорақалпоғистон минтақасидаги сақланиб қолған шарқий ва ғарбий қисмларида сувнинг шўрланиш даражаси 120-160 грамм/литрни ташкил этади. Бундай шўрланиш даражасида кўпчилик денгиз жонзотлари қирилиб кетади. Аммо, бу Орол денгизи ўлик денгизга айланди, деган хулосани англатмайди. Ҳозирги пайтда денгизнинг сақланиб қолган сувида артемия ва уларнинг цисталари, фитопланктонлар ва бентос каби жонзотлар турлари учрайди. Бу ҳақда 28 ноябрь куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида «Жанубий Оролбўйи биологик хилма-хиллигини сақлаш, қайта тиклаш ва ҳимоя қилишнинг экологик масалалари» мавзусидаги илмий-назарий конференцияда баёнот қилган россиялик олим П.О.Завьялов маълум қилди.
Россия Фанлар Академияси профессори ва мухбир-аъзоси, география фанлари доктори, П.П.Ширшов номидаги Океанология институти директории ўринбосари П.Завьялов Орол денгизи бўйича дунёга машҳур экспертлардан бири ҳисобланиб, унинг раҳбарлигида денгизнинг Қозоғистон ва Қорақалпоғистон Республикалари минтақасига 21 марта экспедиция ташкиллаштирилган. Экспедициялар давомида денгиз сувининг шўрланиш даражаси, циркульяцияси, биологик хилма-хиллиги теран ўрганилган.
Конференцияда россиялик олим охирги 20 йиллик даврда Орол денгизи сувларининг гидрологик характеристикаси бўйича баёнот қилди.
Конференция доирасида институт ректори Б.Отемуратов ва Россия Фанлар Академияси ўртасида Орол денгизининг қуриган тубида амалга ошириладиган келгуси экспецияларни ҳамкорликда ташкиллаштириш, унга институтнинг профессор-ўқитувчиларини ва ёш илмий тадқиқотчиларини жалб қилиш ҳамда илмий монографиялар, ўқув қўлланмаларини ёзиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.