Спикер Нурдинжон Исмоилов Қозоғистон Сенати раиси Касим-Жомарт Токаев билан мулоқот ўтказди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бошчилигидаги делегация Қозоғистон Сенати раиси билан учрашди
 
photo5470134859050625355.jpg
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги делегациянинг Қозоғистон Республикасига расмий ташрифи доирасида 27 ноябрь куни Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси парламенти юқори палатасида ҳам бўлиб, Сенат раиси Касим-Жомарт Токаев билан мулоқот ўтказдилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин қўшнилар, вақт синовидан ўтган ҳамкорлардир. Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юқори ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланиб бормоқда. Турли даражадаги алоқаларнинг фаоллашуви мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини англатади.
Учрашув давомида таъкидланганидек, давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон–Қозоғистон муносабатлари кейинги йилларда янада изчиллик билан ривожланиб бормоқда.
— Бутун Марказий Осиёдаги иқтисодий ривожланиш, барқарорлик ва хавфсизлик мамлакатларимизнинг фаол ҳамкорлиги ҳамда Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг жаҳон аренасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатига боғлиқ,— дейди Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати раиси Касим-Жомарт Токаев.
Икки мамлакат парламентларининг ҳамкорлигини янада кучайтириш мазкур учрашувнинг асосий мавзуси бўлди. Жумладан, алоҳида қайд этилганидек, мазкур жараёнда халқаро тажрибани ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш зарур.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов самимий қабул учун ҳамкасбига миннатдорлик билдириб, сўнгги пайтларда икки мамлакатнинг олий вакиллик органлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланаётганини таъкидлади. Айниқса кейинги икки йил ичида Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси депутатлари турли тадбирларда иштирок этиш учун бир неча бор Қозоғистон Республикасида бўлдилар. Ўз навбатида, Қозоғистон парламенти аъзолари ҳам бир неча бор Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу эса, парламентлараро муносабатларнинг юқори босқичга чиқаётганидан далолатдир.
Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида ўтган мулоқот чоғида мамлакатларимиз қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашишга доир масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 
Қонунчилик палатаси матбуот хизмати​​

 

ЎзА