ОИТСга қарши кураш бўйича қилинаётган ишлар қониқарлими?

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси оқибатида келиб чиққан касаллик, яъни ОИВ инфекцияси бугунги кунда барча мамлакатлар учун долзарб муаммога айланди. Мазкур хасталикнинг салбий таъсири фақат соғлиқни сақлаш тизимигагина эмас, балки мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигига ҳам жиддий хавф туғдиради.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги қарори билан тасдиқланган “2018 йилда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш Давлат дастури” ижроси юзасидан Республика ОИТСга қарши кураш маркази директорининг ахборотини эшитишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда мамлакатда ОИВ инфекцияси билан касалланиш ҳолати ва хасталик тарқалишининг олдини олиш борасида Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар, қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чоралар, мавжуд муаммолар ҳамда келгусидаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича дастури (ЮНЭЙДС) маълумотига кўра, дунё бўйича айни пайтда 37 миллиондан ортиқ ОИВ инфекцияси билан яшаётган шахс ҳисобга олинган. Республикамизда 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 37 минг 872 нафар шахс ОИВ инфекциясини юқтирган.
Мамлакатимизда мазкур инфекция тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилиши натижасида кейинги йилларда бу борадаги эпидемик вазият бироз барқарорлашган. Ушбу инфекция билан касалланганлар сони 2017 йилда 2013 йилга нисбатан 222 нафарга (5 фоиз) камайган.
Марказ раҳбарининг ахборотида қайд этилганидек, сўнгги йилларда аҳолининг ихтиёрий равишда ва маълум гуруҳларни қонун ҳужжатлари асосида мажбурий равишда лаборатория текширувлари билан қамраб олиш кўрсаткичлари ортди.
2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб ОИВ диагностикаси билан шуғулланувчи 63 та туманлараро ОИВ диагностик лаборатория ОИТСга қарши кураш марказлари тасарруфига ўтказилди. Жорий йилнинг ўтган даврида ОИТСга қарши кураш марказлари томонидан маҳаллий маблағлар ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига жами 1 миллиард 400 миллион сўмга 9 турдаги 34 асбоб-ускуналар сотиб олиб, ўрнатилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институтида ОИВ, гепатит В ва С диагностикаси учун ИФА тест-системалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика институти қошидаги “Радиопрепарат” давлат корхонасида тест-система ва диагностикумлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Йиғилишда ОИВ инфекцияси масалалари бўйича аҳолининг хабардорлигини ошириш борасида амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, ўрта таълим мактабларида ОИВ инфекцияси мавзулари мактаб ўқувчилари учун “Саломатлик дарслари” ва “Соғлом авлод асослари” ўқув дастурлари доирасида фанлар таркибида интеграциялашган ҳолда ўқитилмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда тузилган режага мувофиқ, ёшлар ўртасида ОИВ инфекцияси профилактикаси масалаларида 20 олий ўқув юртида маърузалар ўқилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ОИВ инфекциясининг профилактикаси бўйича соҳа “йўл харитаси” тасдиқланиб, амалиётга татбиқ этилди.
Шу билан биргаликда, йиғилишда мазкур йўналишда мавжуд муаммолар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, ОИВ инфекцияси диагностикасида ва беморларни даволашда ишлатиладиган диагностикумлар, тест-системалар ва реагентлар узлуксизлигини таъминлаш, лабораториядаги мавжуд асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва ҳар йили метрологик кўрикдан ўтказиш учун ажратиладиган маблағларнинг етарли эмаслиги, туманлараро ОИВ диагностик лабораториялари жойлашган бинолар таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, тегишли лойиҳаларни амалга оширишда ННТ иштироки талаб даражасида ташкил этилмаётгани каби вазифаларга етарли эътибор қаратилмаяпти.
Йиғилиш давомида муҳокама этилган масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб, вазифалар белгилаб олинди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА​