Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш масалалари муҳокамасига бағишланган форум давом этмоқда
Рустам Жабборов,
ЎзА учун махсус Бишкек шаҳридан
Қирғизистон
Аввал хабар қилинганидек, Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Марказий Осиё Минтақавий экология маркази (МОМЭМ) ҳамда ЮСАИД ҳамкорликда Smart Waters (“Сув. Таълим. Ҳамкорлик”) мавзусида ўтказилаётган халқаро форум давом этмоқда.
“Сув ҳавзалари бошқармалари ишининг институционал асослари” мавзусидаги биринчи сессияда бир қатор иштирокчилар қаторида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги сектор бошлиғи Зокир Эшпўлатов ҳам маъруза қилиб, мамлакатимизда сувдан фойдаланишнинг ўзига хос жиҳатларига эътибор қаратди.
“Мамлакатимизда сув ва сувдан фойдаланишнинг муҳим қонуний асослари ишлаб чиқилган. Сувдан фойдаланиш бўйича давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, давлат бошқарувининг жойлардаги ваколатли органлари ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Сув хўжалигининг мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрни ва ҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, жорий йил февраль ойида мамлакатимизда алоҳида Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилди. Сувдан оқилона фойдаланиш мақсадида жойларда 13 та ҳавза бошқармаси ташкил этилган. Айни пайтда юртимизда сувдан тежамкорона фойдаланишни илм-фаннинг янги ютуқларини жорий этиш, инновацион технологиялардан фойдаланиш, инвестициялар олиб кириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Ўйлайманки, мазкур Форумда қатнашаётган вакилларимиз учун ҳам ушбу тадбир фойдадан холи бўлмайди” , деди З.Эшпўлатов.
Форумда Ўзбекистон ҳудудидан оқиб ўтувчи кичик трансчегаравий дарёлар – Подшо-ота (Наманган вилояти) ҳамда Ёмонжар (Бухоро вилояти) сув ҳавзалари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Сайтимизни кузатишни давом этинг!
ЎзА