Ўзбекистон​ –​ Тожикистон: ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган дўстона муносабатлар ривожланмоқда​

Тожикистон мустақил касаба уюшмалари федерацияси раиси Қосим Қодири бошчилигидаги делегация вакиллари 21 ноябрь куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
 
2.jpg
Бухоро темир йўл вокзалида меҳмонларни вилоят ҳокими ўринбосари Ж.Носиров ва бошқалар кутиб олди.
4.jpg
Кейинги йилларда мамлакатимизнинг минтақадаги давлатлар, жумладан, Тожикистон билан ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган дўстона муносабатлари янги босқичда ривожланмоқда.
Бундай алоқалар Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва Тожикистон мустақил касаба уюшмалари федерацияси фаолиятида ҳам ўз ифодасини топаётир. Улар ўртасида жорий йил Тошкент шаҳрида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Тожикистон мустақил касаба уюшмалари федерацияси делегациясининг Бухорога ташрифи ҳам ана шу ҳужжатда кўзда тутилган чора-тадбирлар доирасида амалга оширилди.
Ташриф чоғида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва Тожикистон мустақил касаба уюшмалари федерацияси мутасаддилари ўртасидаги мулоқотларда меҳнат жамоалари ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, маданий-оммавий ишлар, соғломлаштириш ва дам олишни ташкиллаштириш ҳамда бошқа масалалар борасида тажриба алмашилди.
Меҳмонлар пилла хомашёсини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган “Бухоро бриллиант силк” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси фаолияти, бу ердаги меҳнат шароити билан танишди. Ташриф якунида Бухоро шаҳрининг тарихий-меъморий ёдгорликлари ва диққатга сазовор жойларини томоша қилди.

 

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА