Бир йилда дунёда ўртача 600-800 минг киши одам савдоси қурбонига айланса, уларнинг 50 фоизга яқини болалардир

20 ноябрь – Жаҳон Болалар куни
 
БМТ Бош ассамблеяси 1954 йилда резолюция қабул қилиб, 1956 йилдан бошлаб ҳар йили 20 ноябрда Жаҳон Болалар куни (Universal Childrenʼs Day)ни нишонлаш тўғрисида тавсия берди. Бу байрам жаҳонда болалар манфаатлари йўлида БМТ томонидан амалга ошириладиган ишларни мустаҳкамлаш, болалар фаровонлигини яхшилашга қаратилган.

Замонавий дунёда шундай жиноятлар борки, улардан асло кўз юмиб бўлмайди. Мана шундай иллатлардан бири одам савдоси бўлиб, уни мавжудлигини мутлақо рад этиш керак эмас. Жаҳонда кузатилаётган глобал инқироз айрим давлатларнинг иқтисодиётини издан чиқарган бўлса, бир қатор соҳаларнинг “гуллаб-яшнаши”га сабаб бўлди. Ноқонуний қурол-яроғ, гиёҳванд моддалар савдоси сингари одам савдоси ҳам фойда келтирувчи бизнесга айланди. Мазкур учта бизнес турини “Ўлим тармоғи” дейишлари ҳам бежиз эмас. Испаниялик экспертлар бу уч бизнес билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар бир йилда 1,8 триллион доллар даромад кўришини айтишади. АҚШ Давлат департаментининг одам савдосига бағишланган маърузасида қайд этилишича, дунёда бу жиноят қурбонига айланган кишилар сони 27 миллиондан ошиб кетган. Жиноят кўлами йил сайин кўпайиб бормоқда. Одам савдоси билан боғлиқ жиноят болаларни ҳам ўз домига тортаётгани эса энг даҳшатли ҳодисадир. Шу вақтгача 6 миллион бола ўғирланиб, улардан 2 миллионга яқини қурбон бўлган, қолганлари эса оғир меҳнатга жалб этилган. Экспертларнинг хулосаларига кўра, сотилаётган ҳар уч кишидан бири болалардир. Таҳлилчиларнинг фикрича, замонавий дунёда бола савдоси тараққий этиб, уюшган жиноий гуруҳларга фойда келтирувчи соҳага айланиб бормоқда. Инсонлар бойлик орттириш мақсадида ўз қавмини, қариндош-уруғларини, маҳалла-куйда яшаб турган маҳалладошларини турлича алдовлар билан хорижга олиб чиқиб сотиб юбормоқдалар. Ҳатто, Голливудда болалар савдосини рағбатлантирувчи (The Tall Man, 2012) фильм суратга олингани айтилади.photo5447607454935394743.jpg

Бир қатор мамлакатларда одам савдосига давлат идораларининг вакиллари (сиёсатчилар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари, прокурорлар, судьялар) аралашиб қолгани даҳшатли ҳақиқатдир. БМТ маълумотларида сўнгги йилларда дунёда бола савдоси билан боғлиқ жараён авжига чиқаётгани, Африка ва Яқин Шарқ минтақаси бола савдоси марказига айланиб бораётганидан бонг урилади. Бу каби муаммолар Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида ҳам кузатилмоқда. Бу минтақадаги айрим мамлакатларда ёш болалар ота-оналар меҳридан маҳрум қилиниб, фоҳишахоналарга, мажбурий меҳнатга жўнатилади. Чунки тала-тўплар тинмаётган, қуролли тўқнашувлар оқибатида беқарорлик давом этаётган мазкур минтақаларда қашшоқлик ботқоғига ботган ота-оналар ўз фарзандларини сотишга мажбур бўлмоқда экан. 152 мамлакатдаги вазият ўрганилганида, 124 мамлакатда болалар мажбуран оғир меҳнат ва фоҳишаликка жалб қилиниши ойдинлашди. Бир йилда дунёда ўртача 600-800 минг киши одам савдоси қурбонига айланса, уларнинг 80 фоиз хотин-қизлар, 50 фоизга яқинини балоғатга етмаган болалар ташкил қилади. Мамлакатлар ичкарисидаги болалар олди-сотдиси бу ҳисобга кирмайди. Одам савдоси қурбонлари асосан аёллар ва ёш қизлар бўлиб, улар биринчи навбатда жинсий жиҳатдан таҳқирланар экан.

Жаҳонда одам савдосига аралашиб қолмаган бирорта ҳам мамлакат йўқлиги тан олинади. Масалан, 127 та мамлакат “тирик товар” етказиб бериш билан шуғулланса, 98 мамлакат транзит вазифасини ўтайди. 137 мамлакат эса тирик товарларни қабул қилиб олади. Транзит ва қабул қилиб олувчи мамлакат сифатида АҚШ биринчи ўринни эгаллайди. Ҳар йили “океан орти”га 50 мингга яқин аёл ва бола фақат фоҳишалик учун олиб келинар экан.

Шу ўринда болалар савдосида қонуний ва ноқонуний йўллар мавжудлигини эслатиб ўтиш керак. Ноқонуний деганда, кўп ҳолларда одам савдоси қурбонлари алдов, фирибгарлик, қўрқитиш йўллари билан бошқа мамлакатларга олиб кетилади. Айрим ҳолларда камбағаллик ҳам бунга мажбур қилади. Қонуний дейилганда, суд қарори билан етим болаларнинг хорижий мамлакат фуқароларига асранди фарзанд қилиб берилиши юзасидан чиқарилган ҳукм тушунилади.

de868a3fd1d3951b96bf25bd94d85f80.jpg

Болаларнинг товарга айланиб бораётгани, бу борада инсоний қадриятларнинг иккинчи масалага айланиб бораётгани афсусланарли, албатта. Таҳлилчилар болаларнинг тирик товарга айланишининг кўпайиб боришига иқтисодиётнинг глобаллашуви, ривожланган давлатларда фаҳшга талабнинг ортиши, айрим мамлакатларда оила институтининг таназзулга юз бургани, Интернет тармоқларидан фойдаланувчилар сонининг ортиб бориши ҳам сабаб бўлаётганини айтишади. Бунда, айниқса, Интернет хизмати катта бўлмоқда.

Болаларни меҳнатга мажбурлаш деганда, оила аъзоси бўлмаган шахснинг бегона болани ишлашга мажбурлаши тушунилади. Бунда, қочиб кетишнинг имкониятига эга бўлмаган бола мутлақо бегона кишига фойда келтириш учун ишлашга мажбур бўлади. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда 126 миллионга яқин бола жуда оғир шароитларда меҳнат қилаётган бўлса, ҳар йили 1,2 миллион бола сотиб юборилади ёки меҳнатга мажбур қилинади. Кўмир конлари каби инсон саломатлиги учун зарарли бўлган барча юмушларда уларнинг меҳнати энг арзон меҳнат сифатида баҳоланяпти. Болаларни асраб олиш орқали ҳам болалар сотилаётгани айтилади. Кейинчалик асранди фарзандлар бошқа мақсадларда фойдаланилаётгани ҳақида матбуотда кўп ёзилмоқда. Айрим мамлакатларда болаларни асраб олиш урфга айланаётган бўлса, бошқа мамлакатларда уларнинг тана аъзоларини харид қилиш авжига чиқди. Норасидаларнинг соғлом тана қисмлари пулланса, қўлида қурол ушлашга қодир бўлган “она сути оғзидан кетмаган” болалар турли минтақалардаги қайноқ нуқталарда жанг қилишга мажбур бўлмоқда. Бир қатор мамлакатларда болалар қуролли тўқнашувларга жалб (ёки мажбур) қилинаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Болаларни аскарликка мажбурлаш инсоний қадриятларнинг қўпол суратда бузилишини англатади. Бу уларнинг болалигидан маҳрум қилиш эмасми? Чунки қўлга қурол олган болалар ўз қариндошлари, қишлоқдошларини ўлдиришга мажбур қилинаётгани сир эмас. Отиб ўлдирилган болаларнинг гуноҳи нима эди? Жароҳат олиб юртига қайтган, аммо қишлоқдошлари томонидан қабул қилинмайдиган аскар болаларнинг жисмоний ва маънавий ярасини ким даволайди? Бу саволларга ҳозирча жавоб йўқ. Аскар болалар катта ёшдаги ҳарбий хизматчиларга қараганда арзонга ишлайди. Шунингдек, асл мақсадни тушунмай жангга кирадиган болаларнинг дала қўмондонлари учун деярли хатарли эмаслиги аниқ.

Сўнгги йилларда БМТ мутахассислари болаларнинг органлари ноқонуний савдоси авжига чиқаётганидан хавотирга тушиб қолди. Болаларнинг тана аъзоларидан генетик тадқиқотларда, айрим қабилаларнинг диний маросимларида фойдаланилмоқда. Бироқ, болаларнинг тана аъзолари “эҳтиёт қисм” сифатида, асосан трансплантация мақсадларида ишлатилмоқда. Беморнинг танасига бошқа аъзони кўчириб ўтказиш узоқ давом этадиган жараёндир. Кўп ҳолларда расмий жарроҳлик амалиётлари самара бермаслиги мумкин. Чунки, беморга тирик аъзо ўтказилиши керак. Юрак уруши тўхтаганидан кейин тана аъзолари ҳам ўзгаради. Шу сабабли ҳам бойваччалар катта пул эвазига ўзларига керак бўлган аъзони 24 соат ичида олиш имкониятини қидиришади. Бунинг учун уюшган жиноий гуруҳ аъзолари одамларни ўғирлаш ва керак бўлиб қолганда уларнинг тана аъзоларини олишни йўлга қўйди. Инсон аъзоларига жаҳон бозорида талаб ортмоқда. Донор буйрагининг ўртача нархи 5 минг долларга тенг. Аммо 650 долларга харид қилиш мумкин.

photo5447607454935394744.jpg

Болалар савдоси қурбонлари кимлар деган савол туғилади. Экспертларнинг фикрича, улар ота-онасидан айрилган болалар, оғир аҳволга тушиб қолган оилаларнинг фарзандларидир. Чунки уларнинг тақдири билан ҳеч кимнинг иши йўқ бўлиб, уларни ҳеч ким қидирмайди. Ганада бир бола учун унинг ота онасига 50 доллар, сотувчига эса 300 доллар тўланади. “Одамфуруш”лар “қуллик”ка жисмоний ва моддий тажовуз билан эмас, балки маънавий-руҳий таъсир ўтказиш орқали эришмоқда. Бу савдо билан шуғулланувчилар ими-жимида ишлашни ёқтиришади. Шу сабабли ҳам қурбонлар аввалдан танланган кишилар бўлади. Жиноий бизнеснинг қамровини ҳозирча ҳеч ким аниқ айта олмайди. Халқаро ва миллий қонунларда тақиқланувчи бизнес билан шуғулланаётганларга қарши ҳуқуқ тизими ҳозирча етарлича ишламаётгани тан олинади.

Болалар савдоси Боливияда ҳам авжига чиқмоқда. Бу иллатни “мамлакатни бўлиб ташловчи саратон” деб аташмоқда. Боливияда ўғирланган болалар мамлакатнинг ўзида ҳамда қўшни Перу ва Бразилияда сотилиши айтилади. Экспертларнинг фикрича, ҳар йили Европа Иттифоқи мамлакатларида бир миллионга яқин бола бедарак йўқолади. Бунга уйдан қочиб кетган ва ўғирланган болалардан ташқари дайдиликни афзал кўрган ва бахтсиз ҳодиса сабабли йўқолган болалар киради.

2013 йилнинг июль ойида АҚШнинг бир қатор шаҳарларида болалар фоҳишалигига қарши Федерал Тергов бюроси махсус амалиёт ўтказган эди. Уч кун мобайнида 13-17 ёшда бўлган 105 нафар ўсмир озод қилиниб, 150 нафар қўшмачи ҳибсга олинди. Шунинг ўзиёқ АҚШда баччабозлик кенг тус олаётганини кўрсатиб турибди.

Статистик маълумотларга кўра, Осиёда 1 миллионга яқин бола, Ҳиндистонда эса 1,5-2 миллионга яқин бола, АҚШда 100 минг ва Лотин Америкасида 500 минг бола фоҳишаликка мажбурланаётган экан. Бундай мажбурлаш бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Бу каби “ишлар”дан кейин болаларнинг баркамол бўлиб етишишига ким кафолат бера олади? Ҳеч ким. Болаларнинг бу каби – ақлбовар қилмайдиган ишларга жалб қилинишини нима билан оқлаб бўлади?

Нигерияда фаолият юритадиган “Боко Ҳарам”нинг 21 асрда очиқдан очиқ одам савдоси, жумладан балоғатга етмаган қизларни сотиш билан шуғулланаётгани, ўзини “Ислом Давлати” деб атайдиган гуруҳ қулликни қонунийлаштиргани ташвишланарли ҳолдир. Агар бу муаммоларни ҳозир бартараф этмайдиган бўлсак, келажакда вазият янада мураккаблашмайдими? Болалар савдоси жамият ва давлат учун зарарли иллат экани маълум. Ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлиғидан айрилган болалар кўп ҳолларда гиёҳвандлик каби зарарли иллатларга мубтало бўлади. Кўп ҳолларда болалар балоғатга етмай ҳалок бўлади. Таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган ва оғир меҳнатга жалб қилинган болалар мамлакатларнинг иқтисодиёти оёғига болта уришини англатади.

Болалар савдосидан келган даромадлар бошқа бир жиноятларга сабаб бўлади. Чунки бола савдоси бошқа бир жиноий фаолият билан чамбарчас боғланиб кетган. Шу ўринда ноқонуний пулларни қонунийлаштириш (“пулларни ювиш”), наркобизнес, ҳужжатларни сохталаштириш ва болаларни қонунга зид равишда чегаралардан олиб ўтишни эслатиб ўтиш керак. Қаердаки, уюшган жиноятчилик гуллаб-яшнар экан, ўша мамлакатда давлат идоралари кучсизланади ва қонунлар ишламайди. Шу сабабли ҳам болалар савдосига қарши кенг жамоатчилик оёққа туриши керак. Болалар савдоси таҳдидли жараёнга айланиб бораётгани сабаб, унга қарши зарур чора-тадбирларни ишга солиш шарт. Чунки, савдога қўйилган болалар, вояга етмаган фоҳишалар, трансплантация донорлари тақдирларини ўзлари танламаган. Улар шунга мажбур бўлган ёки мажбур қилинган.

 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА