Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 19 ноябрь куни конгрессмен Трент Келли бошчилигидаги АҚШ Конгресси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари кўплаб соҳаларда, жумладан, парламентаризм йўналишида изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида АҚШга тарихий ташрифи доирасида эришилган келишувлар натижасида икки томонлама ҳамкорлик янада ривожлангани қайд этилди.
АҚШ Конгресси делегациясининг мамлакатимизга ташрифи океанорти диёрининг юртимиз билан ҳамкорликни кучайтиришга қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолат беради. АҚШ Конгрессида “Ўзбекистон бўйича кокус” тузилгани фикримизнинг тасдиғидир. Ушбу тузилма парламентлараро алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, Ўзбекистон ва АҚШдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар моҳиятини самарали таҳлил қилиш имконини беради.
Ўзбекистонда илғор хорижий тажриба, жаҳон илм-фан ютуқлари, инновацион технологиялар асосида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий ва технологик ҳамкорликни ривожлантиришда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов билан бўлиб ўтган учрашувда делегация аъзоларига мамлакатимиздаги қонун ижодкорлиги, парламент қуйи палатаси қўмиталари ва институтлари, дўстлик гуруҳлари фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шу куни АҚШ Конгресси делегацияси юртимиздаги қатор вазирлик ва идораларда ҳам бўлиб, сиёсий-иқтисодий муносабатларни янада фаоллаштиришга доир ташкил этилган музокараларда иштирок этди.