Қорақалпоғистоннинг барча шаҳар ва туманларида шу кунлари “Асал байрами” ўтказилмоқда. Ушбу байрам 15 ноябрдан бошланган бўлиб, 30 ноябрга қадар давом этади. Нукус шаҳри деҳқон бозорида асал маҳсулотлари савдо ярмаркаси “Асал байрами”нинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
– Нукус шаҳрида ўтказилган “Асал байрами”га 80 га яқин асаларичилик билан шуғулланувчи фермер, деҳқон хўжалик раҳбарлари асал маҳсулотлари ва асаларичилик жиҳозларини намойиш этган ҳолда иштирок этди. Иштирокчилар томонидан жийда, қизилмия, янтоқ, оқ тол ва бошқа ўсимликларидан асал ҳамда прополис, мум ва асалари сути каби маҳсулотлари, шунингдек, асаларичилик соҳасида қўлланиладиган асбоб-ускуналар намойиш этилди. Тадбирни ўтказишдан мақсад аҳолини сифатли, табиий ва арзон асаларичилик маҳсулотлари билан таъминлаш, асал маҳсулотларининг ўзига хос фойдали ва шифобахш хусусиятларини кенг тарғиб қилишдан иборат, -дейди “Ўзбекистон асаларичилари” ассоциацияси раиси Шерали Суяркулов.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир пайтлари мамлакатимизда 40 минг тоннагача асал маҳсулотлари чет давлатларга экспорт қилинган. Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида фақат 58 тонна маҳсулот араб давлатларига, Россия, АҚШ, Малайзия давлатларига экспорт қилинган. Соҳани ривожлантиришга Исроил давлатидан мутахассислар жалб қилинмоқда. Жанубий Кореянинг тадбиркорлари ҳам Қорақалпоғистонда етиштирилган асал маҳсулотларини сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикамизда асаларичилик соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида берилган имтиёзлар соҳани ривожлантиришда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, асаларилари уялари, улар учун зарур ускуналар ва асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарьлар, махсус транспорт воситалари билан тиркамалар ва бошқалар лизинг шартномаси асосида етказиб берилмоқда. Асаларичилик хўжаликлари томонидан асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерларидан, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардан (давлат қўриқхоналари, биосфера резерватининг муҳофаза қилинадиган зонасидан ташқари), табиий пичанзорлар билан яйловлардан ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишни бепул амалга ошириш каби қатор имтиёзлардан фойдаланилмоқда.
Е.Қаноатов, М.Хабибуллаев, ЎзА