Ўзбекистон президенти ҳузуридаги давлат бошқарув академиясида “Ўзбекистонда инновацион ва тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, инновациялар бугун иқтисодий юксалишнинг асосий манбайи ва корхоналар, минтақалар ҳамда миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигининг муҳим омилидир. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти экспертлари ҳисоб-китобларига кўра, кейинги йигирма йилда ривожланган мамлакатларнинг иқтисодий юксалиши бевосита инновациялар билан боғлиқ. Давлат бошқарув академияси, Буюк Британия элчихонаси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тренингда бу билан боғлиқ қатор масалалар кун тартибидан ўрин олди.
Тадбирда иштирок этган Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан бизга интервью берар экан, бу ҳақида шундай фикр билдирди:
– Биз биламизки, жорий йилда инновацияларга Ўзбекистонда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қувонарли жиҳати бошқарув идоралари ва олий таълим муассасаларида инновацияларни жорий этишга масъул бўлган раҳбар ўринбосарлари лавозими жорий этилди. Биз Лестер университети билан биргаликда айни шу мутахассислар учун ўқув машғулотларини ташкил этдик. Бунда кўпроқ ижтимоий бошқарув тизимида қандай қилиб инновацияларни жорий этиш ва кўламини кенгайтиришга эътибор қаратяпмиз. Айнан жамият бошқарувига инновацияларни татбиқ этиш бирмунча қийин. Британияда ҳам ижтимоий бошқарувда таваккалчиликка унчалик йўл қўйилмайди. Иқтисодий соҳада эса таваккалчиликларга кўп гувоҳ бўламиз ва бу яхши натижасини берган. Агар ана шундай тизимни ижтимоий йўналишга жорий эта олсак, бунда ҳам катта натижаларни қўлга киритса бўлади, – дейди Кристофер Аллан.
– Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири Дилфуза Раҳимованинг таъкидлашича, тренинг давомида айнан амалий жиҳатга алоҳида эътибор қаратилди. – Инновацион ишланмалар амалиётда кенг қўлланилгандагина самара беради. Ҳозир баъзи ташкилотлар илмий янгиликларга беэътибор бўлиб, одатда анъанавий фаолият турлари билан чекланишади. Бунинг самарадорлиги эса нисбатан паст. Шундай экан, олимлар билан ҳамкорлик қилиш фойдадан холи эмас. Зеро, шу йўналишдаги бугунги саъй-ҳаракат эртанги кун учун қўйилган сармоядир, – дейди Дилфуза Раҳимова. – Ўзбекистонда жорий йилда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши мамлакатимизнинг инновацион ривожланиши йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Бироқ, айрим тузилмаларда раҳбарларнинг инновацияларни жорий этиш кўникмалари ҳамон камлиги сезилиб қолмоқда. Давлат бошқаруви академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Британия элчихонаси ҳамкорлигида амалга ошираётган лойиҳамиз, айнан бошқарувда замонавий менежментни жорий этиш ва раҳбар кадрларда инновацион фикрлашни ривожлантиришга қаратилган.
Кўпчилик инновацияларни фақат технологик янгиликлар билан боғлашади. Британиялик мутахассислар эса бу жуда тор таъриф эканлигини қайд этишди. Семинар иши якунланган бўлса-да, лойиҳа давом этади. Элчихона вакилининг маълум қилишича, ҳудудларда ҳам ижтимоий соҳага инновацияларни жорий этишга қаратилган қатор тадбирлар уюштирилиши режалаштирилган.
Н. Тошпўлатова, ЎзА