2019 йил давлат бюджети харажатлари асосан ижтимоий соҳаларга йўналтирилади

2019 йилда Давлат бюджетининг харажатлари 107,1 трлн. сўмни ташкил этади. Бу ўтган йилдагига нисбатан 1,4 баравар кўп бўлиб, бунда Давлат бюджетининг харажатлари асосан ижтимоий соҳаларга йўналтирилади. 
Жумладан, ижтимоий соҳа харажатлари 57,8 трлн. сўмни ёки умумий харажатларга нисбатан 54,0 фоизни ташкил этади. Бунда ушбу харажатларнинг ўсиши аввалги йилга нисбатан 34,4 фоиз кўпаяди.
Мактабгача таълим муассасаларини молиялаштиришга 4,0 трлн. сўм, умумий таълимга 17,1 трлн. сўм йўналтирилади, кадрлар тайёрлашга ажратиладиган маблағлар 3,8 трлн. сўмни ташкил этади.
Соғлиқни сақлашни молиялаштиришга эса,12,1 трлн. сўм йўналтирилади ёки аввалги йилга нисбатан 30,5 фоиз ўсиш билан умумий харажатларга нисбатан 11,3 фоизни ташкил этади.
Маданиятни молиялаштириш учун 1,0 трлн. сўм, илм-фанга 0,8 трлн. сўм йўналтирилади. Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўлаш ва компенсация тўловлари учун харажатлар ўтган йилдагига нисбатан 61,8 фоиз ошган ҳолда 5 267,2 млрд. сўмни ташкил этади.
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурларини амалга ошириш учун барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 6,3 трлн. сўм йўналтирилади, бу эса, 478 та аҳоли пунктида турмуш шароитлари яхшиланишини таъминлайди.
Давлат дастурларини амалга ошириш доирасида 2019 йилда 372 та объектда ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимини реконструкция қилиш ҳамда модернизациялаш, 1 916,1 км узунликдаги сув ўтказиш тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш назарда тутилмоқда. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида марказлашган сув таъминотини қамраб олиш 2019 йилда 77,0 фоизга етади.
Умуман олганда, 2019 йилги Бюджетномада назарда тутилган даромадларнинг изчил ўсиши, солиқ сиёсатида жорий этилаётган туб ўзгаришлар аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли экани таъкидланди.
Мажлисда Бюджетнома ҳамда унинг асосий йўналишлари депутатлар томонидан ҳар томонлама муҳокама этилди.

 

ЎзА