Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати томонидан Россиянинг Саратов вилоятида юк поезди ва автобус тўқнашувида ҳалок бўлган 5 нафар ўзбекистонликлар ҳақида ахборот эълон қилинди.
“2018 йилнинг 17 ноябрь куни Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан олинган маълумотга асосан, жорий йилнинг 17 ноябрь куни 12:00ларда (Москва вақти билан) Саратов вилояти, Озинский тумани ҳудудидан ўтувчи А-298 Федерал автомобиль йўлининг 225 км.да “Саратов – Уралск – Қозоғистон” йўналишида ҳаракатланиб келаётган д/р КЗ 271 КФБ 13 “Сетра” русумли автобуси темир йўл поездининг кесишмасида 3003с сонли юк поезди билан тўқнашиб йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди”, дейилади хабарда.
“Сетра” автобус салонида бўлган 7 нафар йўловчилардан 5 нафари ўзбекистонлик бўлиб, улар воқеа жойида вафот этган. 2 нафар йўловчининг тан жароҳати олгани айтилмоқда. Улар Қозоғистон фуқароларидир.
Ахборотда вафот этган фуқаролар ҳақида қуйидаги маълумотлар келтирилган:
1. Бозоров Абдубанноб Махмуталиевич, 1975 й.т. (йўловчи).
2. Эгамов Алимардон Қосималиевич, 1986 й.т. (йўловчи).
3. Қосимова Гулхумор Жумабоевна, 1987 й.т. (йўловчи).
4. Халилова Орзихон Уктамовна, 1987 й.т. (йўловчи).
5. Заидов Муроджон Юсупович, 1975 (йўловчи).
Вафот этган фуқароларнинг жасадлари Озинский тумани марказий шифохонаси моргида сақланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси билан ҳамкорликда вафот этган фуқароларнинг шахсига тўлиқ аниқликлар киритиш, яқин қариндошларига хабар бериш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
ЎзА