Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида Марказий Осиёда илк бора GIST (илм-фан ва технологиялар орқали глобал инновациялар) стартап тренинги ўтказилди.
Машғулотлар АҚШ элчихонаси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Глобал тадбиркорлик ҳафталиги доирасида ўтказилган тренингда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон жамоалари иштирок этди.
Америка Қўшма Штатларидан ташриф буюрган етти нафар тренерлар, менторлар ва спикерлар тадбиркорлик, илмий-техникавий ишланмаларни тижоратлаштириш, ғоялар ва технологияларни монетаризациялаш бўйича маърузалар ўқиб, амалий машғулотлар орқали тренинг қатнашчиларига кучларини синашга имкон беришди.
Тренингда ёшлар нафақат билим олишга, балки билимларини тажрибада синаб кўришга ҳам муваффақ бўлдилар. Жамоаларга потенциал харидорларни сўровдан ўтказиш, бўлажак мижозлар, ҳамкорлар, ҳатто рақобатчилари билан мулоқот қилиш каби вазифалар берилди. Янги технологиялар асосланган тадбиркорлик фаолиятини юритишга, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштиришга бел боғлаган ўғил-қизлар бизнес-моделлар тузиш, ўз стартаплари учун бозорни ўрганиш, маҳсулот нархини чиқариш, мижозларни жалб этиш ҳамда бизнесни кенгайтириш усулларини татбиқ этиш кўникмаларини эгаллашди.
Вазирлик матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, тўрт кун давом этган мазкур тадбир аввало ёшларнинг новаторлик имкониятларини кенгайтириш, ҳудудларда янги стартапларни яратиш, тадбиркорлик экотизимини мустаҳкамлашга қаратилган.
16 ноябрь куни бўлиб ўтган якуний тадбирда Илғор технологиялар марказида Инновацион ривожланиш вазирлиги масъуллари, халқаро ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар, илмий муассасалар, ОТМлар, йирик концернлар, шунингдек Савдо-саноат палатаси ва Интеллектуал мулк агентлиги ходимлари йиғилди.
Финалга чиққан етти жамоа ичидан учта жамоа танлаб олиниб, улар минг АҚШ долларидан уч минг АҚШ долларигача бўлган пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Биринчи ўринни ўзбекистонлик ёш кимёгарлар Мардонали Мирзалиев ва Шерозбек Долимов тақдим этган “Ўзбекистонда пектин ишлаб чиқариш” лойиҳаси қўлга киритди.
– Пектин озиқ-овқат саноатида кенг қўлланиладиган табиий қўшимча бўлиб, ундан қандолатчиликда, фармакология соҳаларида ҳам фойдаланилади. Пектин мевалардан, жумладан серқуёш юртимизда жуда кўп етиштириладиган олмадан олинади. Аммо шу пайтгача Ўзбекистонга бу маҳсулот хорижий давлатлардан олиб келинмоқда. Бу аслида жуда таажжубли ҳол, лекин бозорни ўрганарканмиз, бирорта маҳаллий пектин ишлаб чиқарувчини тополмадик. Шу боис ҳам биз бу маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқарилишини йўлга қўймоқчимиз, – дейди Шерзодбек Долимов.
Иккинчи ўрин тожикистонлик ёш тадқиқотчиларнинг Easy Silk Road деб номланган стартапга берилди. Бу сайёҳлар учун илова бўлиб, у ерда сайёҳлик маршрутлари, жумладан хавфли ҳудудлар ҳақида муҳим маълумотлар берилади.
Учинчи ўринни эса ўзбекистонлик ёшлар томонидан яратилган чакана савдонинг харажатларини камайтиришга ёрдам берадиган Fastago лойиҳаси ҳамда чиқиндиларни камайишига ва уларни қайта ишлашга қаратилган қирғизистонлик тадбиркор-ихтирочилар яратган лойиҳа эгаллади.
ЎзА