128 нафар аёлнинг уй-жой олиши учун 5,2 миллиард сўм бошланғич тўлов тўлаб берилди

Қорақалпоғистон Республикасида 128 нафар аёлнинг уй-жой олиши учун 5,2 миллиард сўм бошланғич тўлов тўлаб берилди
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати маълум қилишича, Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган бу каби бир қатор тадбирларнинг асосий мақсади хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикасида 303 нафар аёл уйли бўлди. Шундан Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ногиронлиги бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 128 нафар аёлга 5 миллиард 22 миллион сўм миқдорида уй олиш учун дастлабки бадал пуллари тўлаб берилди.
Яқинда мазкур қўмита томонидан тахиатошлик 11 нафар аёлга уйларнинг калитлари топширилиши ҳам аёллар бахту иқболини, саодатли яшашини таъминлашдек эзгу ишлар билан ҳамоҳангдир.
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда аёллар тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
Хусусан, мамлакатимиз иқтисодиётида аёллар тадбиркорлиги улушини ошириш, хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорликни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикасига 3,2 миллиард сўм ажратилган. Кредит маблағлари йиллик 7 фоиз шарт билан аёллар тадбиркорлигини бошлаш ёки ривожлантириш мақсадида тақдим этилди.
Жорий йилги маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида 20 мингга яқин ишсиз аёл аниқланган. Ҳозирда улардан 18 минг 184 нафарини иш билан таъминлашга эришилган.

 

Насиба Зиёдуллеава, ЎзА