Бугунги кунда ўзбек ОАВлари орасида босма нашрлар ва интернет сайтлари бир-бирига қарама-қарши қўйилмоқда. “Интернет ҳеч қачон босма ОАВ ўрнини босолмайди”, қабилидаги шиорларни кўпгина ҳамкасбларимизнинг мақолаларида учратиш мумкин. Аммо, аслида ҳам шундайми? Газета ва интернет нашрларини бир-бирига қарама-қарши қўйишнинг ўзи ўринлими?
Яқинда АҚШда медиатур саёҳатида бўлиб қайтган мухбиримиз “The Washington Post” газетасининг босма ва электрон нашрини бир-бирини тўлдирган ҳолда ишлаб келаётган тажрибаси ҳақида ҳикоя қилади.
Дунёнинг йирик медиа-компанияларидан бўлган «The Washington Post» 140 йилдан буён “яшаб” келади. У бугунги кунда ҳам тарихга айланаётган – босма ва замонавий – электрон нашрга эга. Шунингдек, ҳар икки нашрининг ҳам миллиондан ортиқ ўз ўқувчилари бор. Энг қизиқарлиси, “The Washington Post”нинг электрон нашри пуллик бўлишига қарамай, унинг аудиторияси ортиб бормоқда.
«БИЗ ГАЗЕТАНИ ЭЛЕКТРОН ВА БОСМА НАШРЛАРГА АЖРАТМАЙМИЗ»
Юлия Витковская, сайт муҳаррири:
— Биз “The Washington Post” газетасини электрон ва босма нашрга ажратмаймиз. Ахборот манбаларимизнинг ҳар иккиси ҳам аҳамиятли. Газетамизнинг ўз ўқувчилари бор ва аудиториямизни доимий равишда ўрганиб борамиз. Газетада одатий, азалий рукнларни сақлаган ҳолда яна баъзида янги ўзгаришлар киритиб борамиз.
Электрон нашр муҳаррири сайтда жозибалироқ сарлавҳа ва сурат жойлаш учун масъул. Биз онлайн-форматда одамларни кўпроқ жалб қилиш, мақолани, албатта, очиб ўқиб кўришга ундаш ортидан борамиз. Гоҳида сарлавҳаларни ўзгартиришимиз ҳам мумкин. Нашрда сарлавҳалар устида ишлайдиган алоҳида ходимлар бор. «Google Trends» орқали бугун одамлар асосан нималарни излаётгани билан кўпроқ қизиқамиз.
Марк Смит, сайтнинг мобиль илова муҳаррири:
— Кўпинча сарлавҳаларни ўзгартирганимизда, ўқувчилар сони ортади. Одамларнинг хоҳишига қараб янгиликларга сарлавҳа танлаймиз. Уларнинг хоҳишлари ҳақида кўпинча «Google Trends» орқали маълумот оламиз. Қидирилаётган калит сўзлар доим материалларимизнинг сарлавҳаларида топилади. Авваллари бизни кўпроқ компьютерлар орқали ўқишарди, ҳозирда асосий ўқувчиларимиз смартфонлар орқали кузатишади. Ижтимоий тармоқлар орқали ҳам хабарларни узатамиз ва ўқувчиларимизни кузатиб борамиз.
«THE WASHINGTON POST» – ГАЗЕТА МУҲИММИ ЁКИ САЙТ?
Юлия Витковская, сайт муҳаррири:
— Барча мақолаларни аввал сайтда берамиз, кейин газетага жойлаймиз. Баъзида сайт ва газетадаги материал бир-биридан фарқ қилиши ҳам мумкин. Кўпинча босма нашрда мақолалар қисқароқ берилади. Чунки, газета ҳажми чекланган. Сайтда эса воқеа тафсилотлари тўлароқ ҳамда яна фото, видео, аудио шакллар билан бойитилади. Интернет сайтимизда “Пулини тўла (Paywall) ва яна кўпроқ, қизиқроқ, аниқроқ тафсилотларга эга бўл!” шиори билан яшаймиз. Ўқувчи тўлиқ маълумотларимизга эга бўлиши учун интернет саҳифамизга ҳам обуна бўлиши керак. «Amazon» интернет-магазини асосчиси Жефф Безос “The Washington Post”ни сотиб олгач, у сайтда обуна усулини йўлга қўйди. Биз аввалига мақолаларимизни пуллик қилсак, ўқувчиларимиз қолмайди, деб ўйлаган эдик, лекин аксинча, ўқувчилар сони ортиб бормоқда.
“THE WASHINGTON POST”ДА ҚАНЧА ОДАМ ИШЛАЙДИ?
Медиахолдингда 700 нафар ходим ишлайди, бундан ташқари, нашрнинг ўз “иқтидорлар жамоаси” бор. Бу жамоа фақатгина “The Washington Post” учун махсус мақолалар тайёрлайди.
Иш ҳафтасига 7 кун ва суткасига 24 соат давом этади. Нашрнинг интернет, мобиль ва планшет иловалари учун алоҳида муҳаррирлари бор. Шунингдек, биринчи саҳифа муҳаррирларига ҳам эгамиз. Улар газета муқоваси ва сайт бош саҳифаси борасида бош қотирадилар.
“ЖУРНАЛИСТИКАНИ СОТИШНИ БИЛИШ КЕРАК”
Уильям Энглунд, Халқаро янгиликлар бўлими муҳаррири:
— Биз одамларни аниқ ва ишончли маълумотга эга бўлиш учун ҳақ тўлаш кераклигига ўргатдик. Журналистикани сотишни билиш керак. Аввалги раҳбарларимиз «Paywall» усулини қўллашдан чўчиган эдилар. Бироқ, газетамизни Жефф Безос сотиб олгач, у қарашларимизни ўзгартирди ва ахборотни сотишга ўргатди. Ҳозирда сайтимизга пуллик аъзо бўлмаган кишилар бир ой ичида бор-йўғи 4-5 дона мақоламизни ўқий олади, холос. Пуллик тизимга ўтишдан аввал нашримизни ҳар қандай электрон платформага мослаб (телефон, планшет) ишлаб чиқдик.
«Boston Globe» нашри ҳам пуллик тизимга ўтди, лекин улар бизчалик кўп обуначиларни тўплай олмади. Улар асосан Бостондаги янгилик ва хабарларни узатишга одатланган эди. Бизда географик ҳудуд чекланмаган, биз ўқувчиларимизга бутун дунёдан ахборотлар узатамиз.
«THE WASHINGTON POST» ГАЗЕТАСИ БОШҚАЛАРДАН НИМАСИ БИЛАН ФАРҚ ҚИЛАДИ?
АҚШнинг бир қанча тарихий газеталари асосан ўзи нашр этилаётган ҳудуд янгиликлари билан чекланади. “The Washington Post” газетаси эса нафақат Вашингтон, балки АҚШнинг бошқа штатлари ва ҳатто хорижда ҳам ўз ўқувчиларига эга. Бунга таҳририятнинг ҳар қайси ҳудудда тезкор профессионал мухбирлари борлиги билан эришилган. Қаерда, қандайдир ҳодиса рўй бермасин, одамларда бу ҳодиса ҳақида “The Washington Post” нима деди, деган қизиқиш бор. АҚШда 4 та миллий мақомга кўтарилган кунлик нашр бор, улар — «New York Times», «The Washington Post», «Wall Street Journal» ва «USA Today». Мазкур нашрлар ҳудуд билан чегараланмаган.
“THE WASHINGTON POST”ЧИЛАРНИНГ МАРКАЗИЙ ОСИЁ НАШРЛАРИ ҲАҚИДАГИ ФИКРЛАРИ
Уильям Энглунд:
— «The Washington Post»нинг, умуман Америка журналистикасининг бошқа давлат журналистикасидан фарқи шундаки, биз қайсидир партия ёки шахсларга тобе эмасмиз. Масалан, Европада ўнг ва сўл партиялар нуқтаи назарини берувчи нашрлари бор. Япониянинг “Asahi Shimbun” газетаси сўл тараф қарашларини олиб чиқади, “The Nikkei” эса бизнесменлар нашри ҳисобланади. Бизнинг газета эса халқники. Одамларга хабарни соф ҳолда етказишга ҳаракат қиламиз. Таҳририятда тобелик ва маълум бир шахс нуқтаи назари устунлик қилмайди. Таҳлилларда ўз мутахассисларимиз ва мустақил экспертлар гуруҳига мурожаат қиламиз. АҚШ газеталарининг азалий қоидаси, бу объектив ва холис ахборот узатишдир.
МУАЛЛИФДАН…
“The Washington Post” нашрида иш қизғин қайси қаватга борманг, журналистлар клавиатураларни шаққилатганча ижод қилиш билан банд. Офисларга ўрнатилган йирик экранларда сайт статистикалари кўриниб турибди. Бу худди ким қандай ишлаётганига ойна тутилаётгандек. Бўлим муҳаррирлари алоҳида йиғилиш қилишлари учун кичик ойнаванд хоналар, кофе столлари ва менга қизиқарли туюлган АҚШнинг таниқли президентлари портретлари туширилган стулчалар бор. Хоҳлаган президентни танлаб, суянишингиз мумкин. Яна таҳририятнинг ҳар қадамида ҳақиқат ва эркинлик қадри ҳақида афоризмлар битилган. Уларнинг бирида шундай ёзилганди: “Ҳақиқат қанчалар қўрқинчли бўлмасин, у ширин ёлғончалик хавфли бўла олмайди”. Менинг назаримда, ана шундай қоидаларга йўғрилган мақолалар мазкур нашрнинг халқбоплигини таъминлаб келмоқда ва ҳар қандай газета ҳам бугун ўзини сота олиши учун шундай адолат қоидаларга амал қилиши керак.
Анора Содиқова, Тошкент-Вашингтон-Тошкент, ЎзА