Ҳамкорликдаги муваффақиятли лойиҳалар

Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Тошкент шаҳрида пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар мамлакатимизда ушбу тузилма томонидан амалга оширилаётган лойиҳа ва дастурлар ижроси билан танишди.
Япония-Ўзбекистоннинг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан. Бу каби ҳамкорлик муносабатларини кенгайтиришда JICA алоҳида ўрин тутади. Ушбу ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси мамлакатимиз вазирлик ва идоралари билан ижтимоий, иқтисодий, гуманитар йўналишлардаги ишларни амалга оширишда яқин ҳамкор саналади.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган япониялик мутахассислар ўз билим ва тажрибаси билан ўртоқлашиш орқали турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Сўнгги йилларда Агентлик ташаббуси билан мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда. “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва назорати”, “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш” (JDS), “Кичик грантлар дастури”, “Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш” лойиҳалари шулар жумласидан.
Тиббиёт тизимидаги шериклик ҳам JICAнинг Ўзбекистондаги фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Тадбир иштирокчилари пойтахтимиздаги Республика Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида бўлиб, бу борадаги ҳамкорлик самаралари ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлди.
Марказда JICA томонидан тақдим этилган грант ҳисобига 59 турдаги ташхис ва даволаш асбоб-ускуналари харид қилинган.
– Бугунги кунда замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган марказда касалликни эрта аниқлаш ва даволаш ишлари бепул амалга оширилмоқда, – дейди миллий марказ даволаш ишлари бўйича бош шифокор ўринбосари Зайниддин Бекмуродов. – Ушбу аппаратлар ногиронлиги бор беморларга аниқ ташхис қўйиш баробарида бериладиган тавсияларни асослаш ва нуқсонларни бартараф этиш имконини бермоқда.
Журналистлар пойтахтимиздаги 2-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ҳам бўлиб, сузиш спорти бўйича япониялик кўнгилли мураббий фаолияти билан яқиндан танишдилар.
12.jpg
22.jpg
28.jpg

 

Зуҳра Мирзабоева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА