Тундан тонгга қадар ифор таратгувчи гул ҳақида эшитганмисиз?

“Жаннат гули” ҳақида эшитганмисиз? Юртимизда ана шундай ўсимлик ўсиб, гулламоқда. Балки унинг илмий номи бошқачадир, бироқ халқ орасида ана шундай ном олган бута юртимизнинг жанубий ҳудудларида кўпайтирилмоқда.
 
photo5438241973803788542.jpg
Барглари жуда кичкина бўлса-да, гуллари сариқ ва кўркам. У эрта баҳордан кеч кузга қадар гуллаб туради. Бўйи 2-3 метргача ўсадиган бу ўсимлик кўп йиллик ҳисобланади.
photo5438580335622334836.jpg
Айни вақтда жаннат гулини бошқа вилоятларда ҳам кўпайтириш учун иссиқхона шароитида синовдан ўтказилмоқда.
photo5438580335622334837.jpg
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг тажриба иссиқхонасида кўплаб ана шундай ноёб ва доривор ўсимликлар кўпайтирилмоқда.
photo5438580335622334838.jpg
– Кўриб турганингиздек, тажриба-иссиқхонамизда 30-40 турдан ортиқ ноёб манзаралари дарахтлар ва буталар уруғидан кўпайтирилади, – дейди илмий изланувчи Мунира Иномова. – Улар дунёнинг турли мамлакатларидан келтирилган бўлиб, юртимиз иқлим шароитига мослаштирилади. Тажрибалар ўтказамиз. Зараркунанда ва касалликлардан холи ҳудудда ўстирилган қаламчалар, очиқ далаларда тезроқ ўсади. Шаҳар ва қишлоқларни кўкаламзорлаштиришда кенг фойдаланилади.
Ҳозирда кипарис, зангори арча, пирамидасимон дуб, оқ қайин, размарин, пальма, япон беҳиси, метасеквоя, секвойя, япон софораси каби ноёб дарахт ва бута турларини маҳаллий шароитда кўпайтириш йўлга қўйилди. Уларнинг асосий қисми қаламчалардан кўпайтирилса, Қрим қарағайи, шумтол каби дарахтлар уруғидан кўпайтирилмоқда. Сув танқис, шўр ерларга софора, қуёш кўп тушмайдиган, соя жойларга лавр, слива писарда, каштан каби дарахт турларини экишга тавсия қиламиз.
Шундай ўсимликлар ҳам бор-ки, улар компьютерда ишловчи, уй-рўзғорда қўлланиладиган электр асбобларини кўп ишлатадиган шахсларни электромагнит майдони таъсиридан сақлайди, масалан, кактус, семизўт, каланхое ва бошқалар.
Тажриба иссиқхонасидаги бўта, гул ва дарахтлар билан танишиб чиқар эканмиз, қатор идишларда турган ниҳоллар эътиборимизни тортди.
Мутахассислар бу ўсимликнинг номи мушки анбар бўлиб, БААдан олиб келингани ҳақида айтишди. Ҳозирда юртимиз иқлимга мослаштирилаётган бу ўсимлик йилига 3-4 марта гуллар экан.
Энг қизиғи, бу чиройли гуллар кечки соат бешдан эрталабга қадар ифор таратар, кундуз куни эса ҳиди йўқолар экан. Ана шу гулни юртимизнинг барча ҳудудларида кўпайтириш, ортиқчасини эса Дубайга экспорт қилиш мўлжалланаётган экан. Ҳозирча мушки анбардан бир минг икки юзта қаламча тайёрланибди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА