Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 9 октябрдаги ПФ–5199-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари
ва қонуний манфаатларини, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиш;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш ишларида, шу жумладан агротехник тадбирларни амалга оширишда ҳамда шартномалар тузишда, маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилишда ҳар томонлама кўмаклашиш;

қишлоқ хўжалигида шартнома интизомини мустаҳкамлаш, фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, аграр соҳада меҳнат муносабатларини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда самарали фаолият юритаётган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини рағбатлантириш, фаолиятида камчиликларга йўл қўяётган ер эгаларига нисбатан жамоатчилик йўли билан таъсир чораларини кўриш;

соҳада замонавий ресурстежовчи илғор агротехнологияларни, муқобил энергия воситаларини, шунингдек инновация ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга кўмаклашиш;

кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантиришга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш, улар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда бевосита иштирок этиш;

чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа соҳаларга ихтисослашган фермер хўжаликларини ривожлантириш юзасидан амалий чоралар кўриш, мазкур йўналишларда фаолият юритаётган намунавий фермер хўжаликларининг тажрибаларини кенг оммалаштириш;

қишлоқ хўжалигида ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, агротехник ҳамда бошқа масалалар бўйича консалтинг хизматини, шунингдек маҳсулотни ишлаб чиқариш, харид қилиш, қайта ишлаш, сотиш, таъминот ва хизмат кўрсатиш бўйича фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг бошқа ташкилотлар билан кооперациясининг турли шаклларини ташкил этиш ва кенгайтириш, бу соҳада илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш;

қишлоқ жойларда аҳолининг деҳқончилик маданиятини юксалтириш, уларнинг экин майдонларидан самарали фойдаланиш, шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш юзасидан кенг қамровли тарғибот ишларини олиб бориш.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ижро аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ижро аппаратларининг намунавий тузилмалари 3 ва 4-иловаларга мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ижро аппаратлари ходимларининг чекланган сонига нисбатан тоифаланган ҳудудлар ва туманлар рўйхатлари 5 ва 6-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

3. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

халқ депутатлари туман Кенгашлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари йиғилишларида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини муҳокама қилишда иштирок этиш ва ўз хулосасини тақдим этиш;

фермер хўжалигини ташкил этиш истагини билдирган талабгорларни танлаш, уларнинг захирасини шакллантириш, малакасини ошириб бориш ва улар орасидан муносиб номзодларни ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясига тавсия қилиш;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда ёшларга фермер ва деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари ажратиш ҳақида ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясига тавсиялар бериш;

фермер ва деҳқон хўжаликларини юритиш учун ер участкаларини ажратиш юзасидан ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясига хулосалар киритиш;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар тақдим этиш;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда зарур маълумотлар, ҳужжатлар ва материалларни сўраб олиш.

4. Белгилансинки:

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари
ва қонуний манфаатларига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий равишда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) билан келишилиши шарт;

Кенгаш раиси лавозими бўйича “Агробанк” акциядорлик тижорат банки кенгашининг таркибига киритилади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари раислари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ва туман ҳокимларининг фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади ҳамда мақоми бўйича уларнинг ўринбосарларига тенглаштирилади.

5. Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига комплекс хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилсин.

Марказларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга консалтинг хизматларини кўрсатиш, шу жумладан ҳуқуқий, иқтисодий, технологик соҳаларда маслаҳатлар бериш, бизнес-режалар тузишда кўмаклашиш;

ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда реализация қилишда воситачилик хизматларини кўрсатиш;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига шартнома асосида зарур моддий ресурслар, уруғ ва кўчатлар, таралар, техника ва бошқа воситаларни етказиб бериш;

банк кредитлари, халқаро ва хорижий молиявий ташкилотларнинг кредит ва грантларини жалб қилиш бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатиш;

қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича белгиланган тартибда қайта тайёрлаш, малака ошириш ўқув ва амалий курсларини ташкил этиш;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш, экспорт қилиш ва хизмат кўрсатишда кооперация муносабатларини ташкил қилиш бўйича хизматлар кўрсатиш.

6. Белгилаб қўйилсинки:

барча фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларида уларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича прогноз ҳажмлар белгиланади;

ҳар йили 1 февралгача фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари билан биргаликда уйма-уй юриб, ҳудуддаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларини хатловдан ўтказади, уларда йил давомида экиладиган экин турлари ва етиштириладиган маҳсулот ҳажмларини оила эҳтиёжи ва сотиш учун мўлжалланган қисмларга ажратган ҳолда аниқлайди, маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар тузилиши, экинларнинг тўлиқ ва сифатли экилиши, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этади;

якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмида асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаган ер эгаларига нисбатан белгиланган ер солиғи ставкасининг уч баробар оширилган миқдори қўлланилади;

деҳқон хўжалиги юритиш учун уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ер эгаларининг ер участкасига бўлган ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади.

7. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг экин майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарлик юклансин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва туман ҳокимликлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда:

ҳар йили кейинги йил ҳосили учун экин экишдан бир ой олдин фермер хўжаликлари кесимида, контурлар ва экин турлари бўйича, тупроқ, иқлим, сув шароитидан келиб чиқиб, камида икки марта ҳосил олинишини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилишини таъминласин;

ҳар йили 15 февралгача барча деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкалари кесимида етиштириладиган маҳсулотларнинг прогноз ҳажмларини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қарорлари асосида тасдиқланишини ташкил этсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси Кенгаш, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва туман ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда:

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг улгуржи истеъмолчилар, шу жумладан тайёрлов, қайта ишлаш ва экспорт қилувчи ташкилотлар, агрофирмалар, савдо харид корхоналари билан маҳсулот етказиб бериш тўғрисида, бозор маъмурияти билан эса етиштирилган маҳсулотни бевосита бозорда чакана сотиш тўғрисида шартномалар тузилишини тизимли равишда ташкил этсин;

қишлоқ хўжалиги экинларининг тўлиқ ва сифатли экилишини, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилишини замонавий ўлчов воситалари, шу жумладан учувчисиз учиш аппаратларидан (дронлардан) фойдаланган ҳолда доимий мониторинг қилиб борсин;

ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чоралари кўрилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари билан улгуржи истеъмолчилар, шу жумладан тайёрлов, қайта ишлаш ва экспорт қилувчи ташкилотлар, агрофирмалар, савдо харид корхоналари ўртасида шартномалар тузиш ва бажаришда қонунчиликка риоя қилиниши, шартнома интизомини бузганлиги учун тарафларнинг жавобгарликка тортилиши устидан тизимли назорат олиб борсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2017 йилнинг 1 ноябридан бошлаб фермер хўжаликлари томонидан Кенгашга аъзолик бадаллари тўлаш учун ҳар йили пахта хом ашёси харид нархини ўрнатишда 0,8 фоиз миқдордаги маблағларни назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси билан биргаликда Жамғарманинг ҳар йилда шаклланадиган балансида алоҳида бандда мазкур маблағларни ойма-ой акс эттирсин;

Марказий банк, Кенгаш, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда фермер хўжаликларининг аъзолик бадалини Кенгашга ўтказиш ва тасдиқланадиган смета асосида харажат қилиш тартибини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

12. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг агросаноат комплексига масъул бўлган ўринбосарига қишлоқ хўжалигида тўлов интизомини мустаҳкамлаш, фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан аниқ чоралар кўриш вазифаси юклатилсин.

13. Кенгаш Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 4-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда Кенгашга ажратилган бинони таъмирлаш ва жиҳозлаш манбалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларини зарур бинолар билан таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаев ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ.Давлетов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 10 октябрь

* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига
ШАРҲ 

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг асосий қисми – фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари фаолиятини чуқур таҳлил қилиш асосида ушбу соҳада ўз ечимини кутиб турган масалаларни бугунги кун нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш ва ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 9 октябрдаги ПФ–5199-сон Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур Фармон ижросини тўлиқ ва сифатли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2017 йили 22 сентябрь куни ўтказилган таъсис конференциясида белгиланган асосий вазифалар ва фаолият йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилди.

Ташкил этилган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг самарали фаолият олиб боришини таъминлаш, ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқ депутатлари туман Кенгашларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини муҳокама қилишда, ер участкаларини ажратиш билан боғлиқ масалаларда иштирок этиш билан боғлиқ бир қатор ҳуқуқлар берилди.

Таъкидлаш лозимки, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан давлат
ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиш ташкил этилган кенгашларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Ушбу вазифанинг сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига бир қатор ваколатлар ҳам берилди.

Хусусан, қарорда:

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари
ва қонуний манфаатларига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий равишда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан келишилиши шартлиги;

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси лавозими бўйича “Агробанк” акциядорлик тижорат банки кенгашининг таркибига киритилиши;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари раислари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ва туман ҳокимларининг фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланиши ҳамда мақоми бўйича уларнинг ўринбосарларига тенглаштирилиши белгилаб қўйилди.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини ташкилий ва амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга ўз ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйишида кўмаклашиш мақсадида туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига комплекс хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилди.

Қарор билан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг экин майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди. Чора-тадбирлар дастурида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг молиявий барқарорлигини, ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича 34 та муҳим ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Қарорда қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, фермер, деҳқонларнинг ҳамда томорқа
ер эгаларининг шахсий масъулиятини кучайтириш бўйича янгича тартиб жорий этилди. Унга кўра:

барча фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларида уларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича прогноз ҳажмлар белгиланади;

ҳар йили 1 февралгача фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари билан биргаликда уйма-уй юриб, ҳудуддаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларини хатловдан ўтказади, уларда йил давомида экиладиган экин турлари ва етиштириладиган маҳсулот ҳажмларини оила эҳтиёжи ва сотиш учун мўлжалланган қисмларга ажратган ҳолда аниқлайди, маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар тузилиши, экинларнинг тўлиқ ва сифатли экилиши, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этади.

Қарорда белгилаб қўйилганидек:

якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмида асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаган ер эгаларига нисбатан белгиланган ер солиғи ставкасининг уч баробар оширилган миқдори қўлланилади;

деҳқон хўжалиги юритиш учун уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ер эгаларининг ер участкасига бўлган ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади.

Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг экин ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда уларнинг жавобгарлигини кучайтириш мақсадида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитасига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва туман ҳокимликларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда бир қатор ташкилий-амалий чора-тадбирларни амалга ошириш вазифалари юклатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фаолиятини молиявий жиҳатдан таъминлаш, унга ҳар томонлама ёрдам бериш мақсадида Молия вазирлиги 2017 йилнинг 1 ноябридан бошлаб фермер хўжаликлари томонидан Кенгашга аъзолик бадали тўлаш учун ҳар йили пахта хом ашёси харид нархини ўрнатишда 0,8 фоиз миқдордаги маблағларни назарда тутиши белгилаб қўйилди.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда экин майдонларидан оқилона фойдаланилишини таъминлашга хизмат қилади.