Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари барча ислоҳотлардан асосий мақсад одамлар ҳаётини яхшилаш экани, сифатли тиббий хизмат бу борада муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Кейинги икки йилда Президентнинг соҳага оид 50 та фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг 70 дан зиёд қарор ва фармойишлари қабул қилинди. 6 та янги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилиб, улар сони 16 тага етди. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларда уларнинг 10 та филиали иш бошлади. Туман ва шаҳар шифохоналарида 306 та янги ихтисослашган бўлим, 1 минг 200 та тез тиббий ёрдам шохобчаси очилди.
Умуман олганда, жорий йилда тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп маблағ ажратилди. Йиғилишда келаси йил соҳага қарийб 30 фоиз кўп маблағ йўналтириш режалаштирилгани қайд этилди.
Президентнинг яқинда қабул қилинган “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги яна бир ижобий янгилик бўлди. Унга мувофиқ, тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 1 декабрдан 20 фоизга, 2019 йил 1 апрелдан яна 15 фоизга оширилади.
Фармон ва қарорлар чиқарилиб, соҳага шунча имкониятлар яратилди, долзарб масалалар ҳал қилиб берилди. Лекин соғлиқни сақлаш тизимида кутилган натижалар кўринмаяпти. Айниқса, туманлар, чекка қишлоқлардаги аҳоли тиббий хизматдаги жиддий ва туб ўзгаришларни ўз ҳаётида сезаётгани йўқ, деди Шавкат Мирзиёев.
Масалан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими, туман марказий шифохоналарининг моддий-техник базаси ва малакали кадрлар билан таъминланиш даражаси талабга жавоб бермайди. Бунинг оқибатида ҳудудлардаги беморлар катта маблағ сарфлаб, Тошкент шаҳрига келишга ёки чет давлатларга боришга мажбур бўлмоқда.
Шу боис йиғилишда тиббиёт тизимидаги муаммоларни вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, бунинг учун ҳудудлардаги ҳолатни тўлиқ қайта ўрганиб чиқиш, бунда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардан марказий тиббиёт муассасаларигача қамраб олиш кераклиги таъкидланди.
Тиббий хизмат кўрсатишда республика, вилоят, туман ва қишлоқ бўғинлари ўртасида боғлиқликни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда, аввало, маҳаллаларда профилактика ишлари ва тиббий кўриклар сифатли ташкил этилиб, касалликларнинг олди олинади, зарур ҳолларда беморлар туман ва вилоят марказларига юборилади. Туман тиббиёт бирлашмалари касалларни имкон қадар ўзида даволаб, оғир беморларни вилоят ва республика муассасаларига йўналтиради. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари эса ўз ихтисослиги бўйича ягона методик, технологик, даволаш ва профилактика сиёсатини амалга ошириб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашади.
Йиғилишда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Оналар ва болалар ўлимига сабаб бўлаётган омилларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Юқумли бўлмаган касалликларни профилактика қилиш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмагани қайд этилди. Қатор ихтисослаштирилган марказларнинг бу борадаги фаолияти танқид қилинди.
Айрим ҳудудларда юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш ишлари ҳам қониқарли эмас. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида гепатит, ўпка сили билан касалланиш сони республика бўйича 20 фоизгача камайган бўлса-да, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг айрим туманларида салбий кўрсаткичлар сақланиб қолмоқда.
Шу муносабат билан республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларидаги моддий-техник база ва даволаш ҳолатини ўрганиб, мавжуд камчиликларни ҳал этиш, ОИТСнинг олдини олиш, хорижий давлатларда меҳнат қилиб қайтган шахсларни мажбурий тест текширувидан ўтказишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Хусусий тиббиёт муассасалари тармоғини янада кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Мамлакатимизда хусусий тиббиётнинг барча тармоқларини ривожлантириш нафақат юртдошларимиз, балки қўшни давлатлар фуқароларига ҳам тиббий хизмат кўрсатиш бўйича катта имкониятлар мавжуд.
Шунинг учун мутасаддиларга хусусий тиббиёт муассасалари тармоғини кенгайтириш, Тошкент, Самарқанд, Андижон каби йирик шаҳарларда “тиббиёт хаб”ларини барпо этиш бўйича вазифалар топширилди.
Касалликларни олдини олишнинг энг камхарж ва самарали йўли соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятига амал қилишдир. Афсуски, камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш оқибатида Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга, одамларимизнинг 46 фоизи қон таркибида меъёридан ортиқ холестерин мавжуд, 31 фоизида қон босими юқори.
Шу боис аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш орқали касалликлар профилактикасини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Видеоселектор йиғилишида тиббиёт соҳасини ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантириш йўналишлари муҳокама қилинди. Президентимиз Ўзбекистонда 2025 йилгача соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берди.
Масалан, соҳани молиялаштиришнинг амалдаги смета усули эскиргани, тиббиёт муассасалари қанча бемор даволанганига қараб эмас, койка-ўринлар сонига қараб молиялаштириб келинаётгани қайд этилди. Бугунги замон талаблари ва хориж тажрибасидан келиб чиқиб, синов тариқасида мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида биттадан тиббиёт бирлашмасини аҳоли жон бошига ва стационар шароитда даволанганлар сонига қараб молиялаштириш бўйича топшириқ берилди.
Бугунги кунда барча ривожланган давлатларда мажбурий тиббий суғурта тизими жорий этилган. Бу орқали бюджет харажатларини камайтириш, тиббий хизмат сифатини оширишга эришилган.
Йиғилишда 2021 йилдан бошлаб юртимизда ҳам мажбурий тиббий суғурта тизимини босқичма-босқич жорий этиш, Жанубий Корея, Сингапур, Германия каби давлатлардан халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда, тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Тиббиёт соҳасида давлат-хусусий шериклик тизимини ривожлантириш, айрим даволаш муассасаларини шундай шериклик асосида юқори технологик ускуналар билан жиҳозлаш, уларга тўлиқ молиявий мустақиллик бериш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Тиббий таълим тизимини ислоҳ қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Нуфузли хорижий таълим муассасалари филиалларини очиш, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари ва ихтисослашган тиббиёт марказлари ўртасида интеграцияни кучайтириш масалалари бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари тингланди.