Нафснинг яна бир қурбони
Бекзод Раҳимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманидаги мактабни тамомлагач, Тошкент давлат педагогика институтининг физика-математика факультетига ўқишга киради. Тўрт йиллик ўқишни тамомлаб, шу даргоҳда магистратурани ҳам давом эттиради.

Бекзод 2013 йилда шу факультетнинг физика ва астрономияни ўқитиш методикаси кафедрасига лаборант бўлиб ишга жойлашади. У тез орада ташкилотчилиги билан жамоада ҳурмат қозонади. Аммо…

Илмий иш билан шуғулланаётган Б.Раҳимов бир таниши М.Суннатовни шу олий ўқув юртининг жисмоний маданияти ва спорт факультетига ўқишга киритишга ваъда беради. Бироқ унинг мўмай пул ишлаб олиш илинжидаги қинғир иши амалга ошмай қолди.

Жорий йилнинг 17 май куни у Тошкент давлат педагогика институти биноси олдида М.Суннатовдан 8 минг АҚШ доллари олаётган вақтда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Олмазор туман бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судида Б.Раҳимов иши юзасидан очиқ суд бўлиб ўтди. Б.Раҳимов жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, жазо чоралари белгиланди.

 

Дилобар Маматова, ЎзА