Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ёшларнинг туризм соҳасидаги бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, самарали бизнес-режаларни амалга оширишда яқиндан кўмаклашиш мақсадида, ёшлар ўртасида, туризм соҳасидаги энг самарали бизнес лойиҳалар танловини эълон қилди. 
Қўмитанинг матбуот хизмати хабарида келтирилишича, танловда олий маълумотга эга бўлган, олий таълим муассасасини охирги уч йил давомида битирган, туризм соҳасида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшлар иштирок этишлари мумкин.
Танлов икки босқичда ўтказилади ва унинг мезонлари асосида ғолиб деб топилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тегишли шартлар асосида энг кам иш ҳақининг 250 баробаригача бўлган миқдорда пул мукофотлари ажратилади.
Шунингдек, танлов ғолиблари Ўзбекистон-Япония маркази ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этиладиган туризм соҳасида бизнес юритиш ва бошқариш бўйича махсус ўқув курсларида таълим олиш имкониятига эга бўладилар.
Ҳужжатлар жорий йилнинг 1 декабрига қадар қабул қилинади.

 

ЎзА