Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларнинг 2017-2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлаш, истеъмолчиларга ичимлик суви, табиий газ, электр энергиясини узлуксиз етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 22 июндаги «Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
“Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилиб, аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини узлуксиз қондириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
– Қорақалпоғистон Республикасида 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур асосида бажариладиган ишлар кўлами белгилаб олинди, – дейди “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ техник директори Шавкат Қалимбетов. – Унга кўра, 1 минг 249 километрлик ҳаво линиялари, 370 трансформатор пунктида реконструкция ишлари амалга оширилади. Жорий йилда 158 километр электр тармоғида модернизация ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилиб, 45 трансформатор пункти, 23 мойли ўчиргич мукаммал таъмирланди. 26 дона 6 кВт трансформатор кучли қувватга эга замонавийларига алмаштирилди. Бу қиш мавсумида электр энергияси узлуксизлигини таъминлайди.
Электр энергиясига бўлган талаб йилдан-йилга сезиларли даражада ортиб бормоқда. Биргина Нукус шаҳрида кейинги ўн йилда 20 мингдан зиёд хонадон қўшилди, қанчадан-қанча хизмат кўрсатиш шохобчалари, савдо нуқталари бунёд этилди.
– Уларни электр энергияси билан таъминлаш учун 25 километрга ҳаво линияси тортилиб, 12 янги трансформатор ўрнатилди, – дейди Нукус шаҳар ҳокими ўринбосари Ислом Ўтегенов. – Қиш мавсумида аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби ва эҳтиёжини қондириш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.