Пойтахтимиздаги Алоқа тарихи музейида 27 сентябрь куни Франциядаги «Мерос» ассоциацияси билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида видеоконференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар иштирок этди.
Конференцияда турли миллат вакиллари ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хориждаги дўстлик ва ҳамкор тузилмалар билан ўзаро муносабатларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими бошлиғи Азим Муҳаммаджонов ва бошқалар мамлакатимизда хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар ва маданий-маърифий ҳамкорлик юқори руҳда давом этаётгани, чет элдаги ватандошларимиз билан яқин муносабатлар йўлга қўйилаётгани, бунда юртимизда олиб борилаётган фаол халқ дипломатияси муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.
«Мерос» ассоциацияси Францияда мамлакатимиз тарихи, санъати ва маданиятини кенг тарғиб қилиш билан шуғулланади. Ташкилот амалга ошираётган ишлар Ўзбекистон – Франция муносабатларида дўстлик алоқаларини жадал ривожлантириш имконини бермоқда.
Видеомулоқот чоғида “Мерос» ассоциацияси президенти Фаррухбек Йўлдошев ташкилот фаолияти, истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берди. Хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш, икки мамлакат ўртасидаги ижтимоий-гуманитар алоқаларни янада яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш билан шуғулланадиган жамиятлар 35 тани ташкил қилади. «Ўзбекистон – Франция» дўстлик жамияти ҳам ана шундай тузилмалар сирасига киради.
Тадбирда келгусида жамият билан «Мерос» ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик бўйича битим имзоланиши маданий тадбирларни ишлаб чиқиш, ўзбек миллий урф-одат ва анъаналарини кенг ёйишда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Видеоконференция сўнгида ҳамкорлик ва ўзаро фикр алмашиш бўйича доимий мулоқотни йўлга қўйишга келишиб олинди.