МДҲ Саммити бошланди

Душанбе, 28 сентябрь. 
ЎзА махсус мухбири Алоуддин Ғаффоров хабар қилади.

Душанбе шаҳридаги “Сомон” саройида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси бошланди.

Мажлисда Ўзбекистон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Озарбайжон, Россия Президентлари, шунингдек, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари ва МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби иштирок этмоқда.

Дастлаб МДҲ давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ушбу халқаро тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилиниб, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Президентимиз жаҳонда жадал ўзгаришлар рўй бераётган, хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўтган йил Ўзбекистоннинг МДҲдаги фаолиятида янги босқич бўлди. Мамлакатимиз Ҳамдўстликнинг иқтисодиёт, энергетика, фан ва инновациялар, жиноятчиликка қарши курашиш каби соҳаларни қамраб олган 10 дан ортиқ тармоқ органларига қўшилди.

Ўзбекистон ташаббуслари МДҲ мамлакатлари ўртасида савдо, иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Саммитда Президент Шавкат Мирзиёев кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб ва истиқболли йўналишларига тўхталиб ўтди. Ўзбекистон 2020 йилда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисини ўтказишга тайёр эканини тасдиқлади.

Саммит ўз ишини давом эттирмоқда. Унинг кун тартибидан турли соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва истиқболларига доир кенг кўламли масалалар ўрин олган.

 

ЎзА