Тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлашга панжа орасидан қаралмоқда (Онлайн)

Олий Мажлис Сенати ўн олтинчи ялпи мажлисида тегишли Дастурга мувофиқ ҳудудий ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга, бу борада режадаги айрим ишлар вақтида бажарилмаган. 2017-2018 йилларда 4 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказининг янги объектларини қуриш, 4 тасини реконструкция қилиш ва 3 тасини мукаммал таъмирдан чиқариш белгиланган. Бироқ, ушбу объектларнинг 5 тасида иш кечиктирилмоқда, 1 тасида эса ҳали ҳам иш бошланмаган.
Ҳолбуки, ушбу объектлар Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инвестиция дастурига киритилган.
Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказининг 45 ўринли қабул қилиш – диагностика бўлими ва стационарнинг янги биносини қуриш ишлари, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг 90 ўринли даволаш корпуси ва диагностика бўлимини реконструкция қилиш 30 фоизга бажарилган, холос.
Бир сменада 250 беморни қабул қилиш имкониятига эга Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази поликлиникасининг янги биносини қуриш ишлари 35 фоизга бажарилган.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг 40 ўринли янги биноси ва маъмурий биносини қуриш ишлари 55 фоизга бажарилган.
Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг бир сменада 100 одамни қабул қилишга мўлжалланган поликлиникасини реконструкция қилиш ишлари 2017 йилда тугатилиши белгиланганлигига қарамасдан, объект иши шу кунга қадар тугатилмаган.
2018 йилда қурилиши режалаштирилган Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази поликлиникасининг бир сменада 250 нафар одамни қабул қила оладиган янги биносини қуриш билан боғлиқ масала Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқарув миллий агентлиги қошидаги лойиҳалар ва импорт шартномаларни комплект экспертиза қилиш маркази томонидан кўриб чиқилаётганлиги сабабли объектни қуриш ишлари ҳали бошланмаган.
Дастурга мувофиқ 2017 йилда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг 120 ўринли Бухоро вилояти филиалини реконструкция қилиш ишлари белгиланган бўлса-да, бугунги кунга қадар бу борада иш бошланмаган ва ҳ.к.
Бу рақамлар тиббиёт муассасаларни қуриш ва таъмирлашга панжа орасидан қаралаётганини кўрсатади.

 

Н.Абдураимова, ЎзА