Онлайн: Тиббий ёрдамга муҳтож беморларнинг ягона электрон маълумотлар базаси нега шакллантирилмаган?

Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг ахбороти эшитилмоқда. 
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 июндаги қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури ижросига оид ахборотда ушбу йўналишдаги ютуқ ва камчиликларга эътибор қаратилмоқда.
Аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усуллари жорий этилаётгани қайд этилди.
2017 йилнинг 1 ноябрига қадар имтиёзли тоифаларни ва болаларни алоҳида ҳисобга олган ҳолда тегишли ихтисослаштирилган тиббий хизматлар, шу жумладан, юқори технологик тиббий ёрдамга муҳтож беморларнинг доимий янгилаб бориладиган ягона электрон маълумотлар базасини ташкил этиш белгиланган. Ушбу вазифанинг ижро муддати 2018 йил 1 январгача узайтирилган.
Бироқ, шу кунга қадар юқори технологик тиббий ёрдамга муҳтож беморларнинг ягона электрон маълумотлар базаси шакллантирилмаган.
Бу борада бефарқликка йўл қўйилгани тиббий ёрдамга муҳтож беморларга ўз вақтида ёрдам кўрсатишга монелик қилмоқда. Бу муаммонинг юқори вакиллик органида кўтарилаётгани уни бартараф этишга йўл очса ажаб эмас.

 

Н.Абдураимова, ЎзА